"Ўзбекнефтегаз" ва "Лукойл" қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида меморандум имзолади
Тошкентда “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “Лукойл” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Лукойл Ўзбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ матбуот хизмати хабарига кўра, янги компания геологик-геофизик маълумотларни ўрганиб, Ўзбекистондаги янги конларнинг нефть-газ салоҳияти истиқболларини ўрганади.
Март ойида “Ўзбекнефтгаз” Ўзбекистонда геология-қидирув ишлари бўйича “Лукойл” билан қўшма корхона тузиш, шунингдек, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш бўйича Россия компанияси тажрибасини ўрганишни режалаштираётгани хабар қилинган эди.
“Лукойл” компанияси раҳбари Вагит Алекперов 2018 йилнинг кузида компания ва “Ўзбекнефтгаз” Ўзбекистонда қидирув бурғулаш истиқболларини ўрганишини маълум қилган эди. Ўзбекистон томонининг фикрига кўра, “Лукойл” Марказий Қизилқум нефть ва газ ҳудудида жойлашган учта блок – Акбугет, Бешбулоқ ҳамда Тошқудуқ бўйича қарор қабул қилиши мумкин.
“Лукойл” компанияси Ўзбекистонда 15 йилдан буён ишлаб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси компания фаолият юритаётган асосий ҳудудлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг Ҳисор ва Қандим-Хаузак-Шоди лойиҳаларига киритган инвестицияси қарийб 8 млрд. долларни ташкил этади. 2 минг 700 га яқин доимий иш ўрни яратилди. Компания кўмагида маҳаллий ходимларнинг касб маҳоратини ошириш бўйича ўқув дастурлари амалга оширилмоқда.