Сирдарё вилоятида инвестиция фаолияти янада ривожланади
Жорий йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида юзага келган муаммоларни ўрганиш учун Сирдарё вилоятида кенг қамровли ишларни олиб борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савда вазирлиги манбасига асосланиб.
Маълумки, техноген ҳалокат сабабли ҳудудда саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, инфратузилма, турар-жой бинолари ва томорқа участкалари вайрон бўлди. Натижада, тадбиркорлар ва экспортчилар бундан катта зарар кўрди. Бу ўз навбатида ҳудуд аҳолисинининг ўз иш жойидан ҳамда пул топиш имкониятларидан маҳрум қилди.
Шу муносабат билан, ишчи гуруҳ раҳбарияти томонидан тадбиркорлар ва жабрланган ҳудудлар аҳолиси билан манзилли учрашувлар ўтказилди. Жумладан, саноат корхоналари ишини қайта тиклаш, мавжуд кредитлар бўйича қарзларни таркибий ўзгартириш, етказилган зарарни баҳолашни тезлаштириш ва суғурта полислари бўйича тўлов жараёнларини жадаллаштириш каби масалаларнинг ечимлари юзасидан таклифлар ва меҳанизмлар ишлаб чиқилди.
Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига юқорида қайд этилган масалаларда тезкор равишда ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш имконини берадиган корхоналарни тезлик билан ишга тушириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш, шунингдек, касаначилик учун шарт-шароитлар яратиш асосий вазифа этиб белгиланди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, ихтисослаштирилган идоралар ва тижорат банклари томонидан умумий нархи 10,2 трлн. сўмни ташкил этадиган жами 665 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши 22 732, шу жумладан, касаначилик асосида 2 065 янги иш ўринларини яратиш имконини беради. Ҳар бир лойиҳа учун ер майдонлари ажратилди, масъул ижрочилар бириктирилиб, молиялаштириш манбалари белгиланди. Барча лойиҳалар 2021 йил биринчи чорагининг охиригача амалга оширилади.
Бош прокуратура ёрдамида Ишчи гуруҳ фаолияти якунлари бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижросини қатъий мониторинг ва назорат қилиш механизми яратилди.