Ўзбекистонга учаётган хорижий мамлакат ҳаво кемалари учун ўз йўловчилари бўйича дастлабки маълумотни тақдим этиш тартиби белгиланди
Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО) томонидан белгиланган халқаро стандартлар ва тавсия этилган амалиётни кенг жорий этиш, самарадорлигини ошириш ва соддалаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилишининг мажбурий тартиби жорий этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Ушбу мақсадда 2020 йил 19 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари бўлинмаларига хорижий мамлакатларнинг ҳаво кемалари эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 293-сонли қарори қабул қилинган эди.
Мазкур ҳужжатга кўра, 2020 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Ўзбекистон Республикасига парвозни амалга ошираётган хорижий мамлакат ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар ИКАОнинг стандарт форматида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари (ДХХ ЧҚ)га тақдим этилади.
Йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар билан ишлаш ДХХ ЧҚ томонидан ишлаб чиқиладиган тизим бўйича амалга оширилади. Хорижий мамлакатлар авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХ ЧҚга халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилиши тўғрисида хабардор қилинади.
Ўз навбатида, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келиши, бу ерда бўлиши ва республика ҳудудидан чиқиб кетишида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.