Молиявий саводхонликни оширишда марказий банкларнинг ўрни муҳокама этилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакиллари Молиявий оммабоплик альянси доирасидаги (AFI) Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ташаббуси (ECAPI) бўйича видеоконференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Конференцияда молиявий оммабоплик, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий саводхонликни ошириш соҳасидаги халқаро тажриба ва қонунчиликдаги ўзгаришлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, молиявий технологиялар билан боғлиқ маҳсулотлар ва уларнинг ушбу йўналишлардаги ролини ошириш масалалари муҳокама этилди.
Онлайн-тадбирда Европа ва Финляндия Марказий банклари вакиллари киберхавфсизлик ва рақамли молиявий саводхонликни ошириш соҳаларида амалга оширилаётган вазифалар хусусида тақдимот ўтказди.
Бундан ташқари, анжуманда бутун дунёни қамраб олган COVID-19 билан боғлиқ вазиятда марказий банклар томонидан корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш орқали пандемиянинг мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.