ЕТТБ: «Ипотека банк» – Ўзбекистондаги энг фаол эмитент банк
Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (EBRD) Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш дастури (TFP – Trade Facilitation Programme) доирасидаги нуфузли анъанавий мукофот ғолибларини эълон қилди. Унга кўра «Ипотека-банк» АТИБ Ўзбекистондаги энг фаол эмитент банк номинациясида ғолибликни қўлга киритди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири банк матбуот хизмати манбасига асосланиб.
Мазкур мукофот билан ЕТТБ Ипотека-банкнинг халқаро савдони молиялаштиришдаги алоҳида ютуқларини эътироф этди ва савдо-сотиқни молиялаштириш соҳасида банк фаоллигини алоҳида таъкидлаб, кўрсатилаётган хизматлар сифатини юқори баҳолади.
2019 йил «Ипотека–банк» АТИБ учун муваффақиятли бўлди ва қатор йирик лойиҳалар амалга оширилганлиги билан ёдда қолди. 2020 йил эса «Ипотека–банк» АТИБ савдони молиялаштиришга қўшимча оширилган лимит доирасида ўз мижозларининг янада кўпроқ лойиҳаларини амалга ошириши ва бу соҳада Ўзбекистон бозорида етакчи мавқени сақлаб қолиши учун барча имкониятларга эга.
2020 йилги TFP мукофотининг 30 та номинациясида дунёнинг 27 мамлакатидан кредит-молия муассасалари номзодлари кўрсатилди. Мазкур мукофот 2019 йил давомида ЕТТБнинг молиялаштириш хизматларини энг фаол тақдим этган муваффақиятли эмитент ва тасдиқловчи банкларга тақдим этилди.
TFP мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими 2020 йил май ойида Лондонда ЕТТБнинг йиллик йиғилиши ва бизнес-форуми доирасида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, аммо CОВИД-19 пандемияси туфайли бекор қилинди.
TFP 1999 йилдан бошлаб йўлга қўйилган бўлиб, у ЕТТБ сармоя киритадиган мамлакатлар ўртасида ташқи савдони ривожлантиришга қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, «Ипотека–банк» ҳозирги кунда дунё бўйича 30 дан ортиқ молия институти билан ҳамкорликни йўлга қўйилган. Бундай ҳамкорлик натижасида банк ўз мижозларига савдони молиялаштириш соҳасида тўлиқ хизматларни тақдим этиш имкониятига эга.