170 нафар юртдошимиз Мисрдан Ватанга қайтарилди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари томонидан республикамиз мутасадди ташкилотлари билан ҳамкорликда юртдошларимизни Ватанга қайтариш бўйича чартер рейслари ташкил этилмоқда.
Хусусан, 6 июнь куни мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонаси Республика махсус комиссияси ва Миср ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда “Ал-Масрия” авиакомпаниясининг чартер рейсини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу рейс билан Мисрда вақтинча бўлиб турган 170 нафар ўзбекистонлик фуқаро ҳамда Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этилган бир гуруҳ хорижлик мутахассислар мамлакатимизга учиб келди.
Юртдошларимизни Қоҳира аэропортида элчихона ходимлари билан бирга Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Мисрдаги фаоллари кузатиб қўйди.
Мазкур чартер рейси йўловчилари орасида Мисрда қийин аҳволда қолганлар ҳам бор эди. Муҳтож фуқаролар ўзбекистонлик ва мисрлик тадбиркорларнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобига авиачипталар билан таъминланди.
Ватандошларимиз Тошкентга учиб келгач, икки ҳафталик карантинга жойлаштирилди.
Жорий йил 18 март куни ҳам Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси томонидан Қоҳира-Тошкент йўналишида биринчи чартер рейси ташкил этилиб, 181 нафар ватандошимиз юртга қайтарилганди.