«Masdar» компанияси билан инвестиция битими имзоланди
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири ҳисобланган «Masdar» (БАА) компанияси Навоий вилоятида қуввати 500 МВт га тенг бўлган дунёдаги йирик шамол электростанцияларидан бирини қуради, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Хабарда қайд этилишича, 8 июнь куни амирлик компанияси билан мамлакатимизнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида инвестиция битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра «Masdar» компанияси шамол электростанциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни таъминлайди.
Ушбу лойиҳа БАА компанияси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган иккинчи йирик сармоя келишувидир. «Masdar» ўтган йилнинг октябрь ойида давлат-хусусий шериклиги асосида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендер савдоларида ғолиб бўлган эди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар 2020 йилнинг январь ойида имзоланди.
Шамол электростанцияси қурилиши ва келгусида ундан фойдаланиш мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.
Ушбу лойиҳага 600 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинади. Қурилиш босқичида ва ундан кейинги фойдаланишда ҳам 1 минг 300 та янги иш ўрни яратилади.
Шамол электростанцияси йилига 500 мингдан ортиқ уй хўжаликлари истеъмолига етарли бўлган 1,9 гВт/с мақбул ва арзон электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳисобига мамлакат энергия мувозанатини диверсификация қилади ва мустаҳкамлайди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларида замонавий технологияларнинг жорий этилиши натижасида электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган табиий газ ҳажми (йилига 175 миллион куб метргача) камаяди. Тежалган газ эса экспортга йўналтирилади ва саноат корхоналарининг эҳтиёжлари учун ишлатилади. Шунингдек, атмосферага карбонат ангидрид чиқариш йилига 1,1 миллион тоннага қисқаради.
Лойиҳанинг қурилиш ишларини жорий йилнинг охиригача бошлаш белгиланган. Биринчи навбатда генерация қувватларини (250 МВт гача) 2022 йилнинг ўрталарида ва барча қувватларни эса 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.