Жиддадан келган мактубда Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида сўз боради
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган ўзаро яқин муносабатлар ҳамкорликда алоҳида ўрин тутади.
Куни кеча ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибиятининг Ижрочи директори Мағруб Салим Батт номидан Миллий марказга келган хатда ҳам ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор эътироф этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати хабарига асосланиб.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2020 йил май ойида видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган ялпи мажлисида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти кўриб чиқилди. Ахборот 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолатига бағишланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати марказ ахбороти тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилди. Хусусан, ҳар икки палата марказ ахборотида баён этилган муҳим маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишни тавсия этди.
Шу асосда "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга амал қилишнинг ҳолати" деб номланган ахборот марказ томонидан бошқа халқаро ташкилотлар қатори Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам тақдим этилганди. Жиддадан келган хатда, аввало, шу ҳақда сўз боради.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибиятининг Ижрочи директори мазкур ахборот билан ИҲТ Комиссиясининг барча аъзоларини таништиришини маълум қилган.
"Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар олиб ташланиши билан ўтказиладиган Комиссиянинг навбатдаги сессиясида ушбу ахборот матнини ИҲТга аъзо барча давлатлар вакилларига ҳам тақдим этишни режалаштиряпмиз", деб қайд этади у.
Мағруб Салим Батт, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази даврий нашри ҳисобланувчи "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журнали таҳририятининг Халқаро жамоатчилик кенгаши аъзоси бўлишга доир таклифни мамнуният билан қабул қилганини билдирган.
“Ўзбекистонда нашр этиладиган мазкур журналнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тааллуқли глобал масалалар таҳлили, талқини ҳамда тарғиботи билан шуғулланадиган етакчи халқаро экспертлари сафида бўлишга чорловингиз мен учун катта шарафдир”, деб таъкидлайди доктор Мағруб Салим Батт.