ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг пандемия давридаги фаолияти тўғрисида ахборот эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида ташқи сиёсат маҳкамаси ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг COVID-19 пандемияси давридаги фаолияти тўғрисида ахборот эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қуйида ушбу ахборот матни келтирилади.
– Жорий йилнинг 16 март куни бошқа мамлакатларда жорий қилинган карантин чоралари сабабли хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан юз берадиган қийинчиликларни ўз вақтида ҳал қилиш ҳамда ватандошларимиз дуч келадиган ноодатий ҳолатларга тезкорлик билан чора кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналари ва консуллик муассасаларида Тезкор штаблар ташкил этилди.
Ўзбекистондан ташқарида бўлган фуқароларимизнинг исталган вақтда мурожаат қилишларига шароит яратиш учун дипломатик ваколатхоналаримиз билан боғланиш учун маълумотлар (телефонлар, электрон почталар, турли интернет каналларидаги манзиллар) расмий интернет-ресурсларида жойлаштирилди, турли ижтимоий мессенжерлар ва ОАВларга тарқатилди.
Дипломатик ваколатхоналар ҳузуридаги тезкор штаблар 24 соатлик тартибда фаолият кўрсатмоқда ва ҳамюртларимизга консуллик-ҳуқуқий, моддий-молиявий, сиёсий-дипломатик ва бошқа турдаги кўмак бериш бўйича комплекс чоралар кўрмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини ҳам олиб бормоқда. Расмий веб-сайтлар, «Фасебоок»даги саҳифалар, Телеграм каналлар орқали Ўзбекистон ва фуқароларимиз бўлиб турган мамлакатларда карантин чоралари шартларидаги ўзгаришлар тўғрисида долзарб янгиликлар доимий равишда тарқатилмоқда. Бу ишда ўзбек диаспорасининг фаол вакиллари, кўнгиллилар ва хорижий мамлакатларнинг маҳаллий ҳокимликлари сезиларли кўмак кўрсатмоқда.
Дипломатик миссиялар ҳузуридаги штаблар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳар қандай сўровларига тезкорлик билан жавоб қайтариш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда, жумладан, чартер рейслар билан ватанга қайтишда кўмак сўраб мурожаат қилган ҳамюртларимизнинг рўйхатлари тузилмоқда, маълумот ҳар куни янгиланиб, Республика махсус комиссиясига йўлланмоқда.
Идоралар ўртасида йўлга қўйилган узлуксиз ишлар натижасида жорий йилнинг 16 мартидан 7 июнига қадар 108 та чартер рейслар ташкил этилиб, 16 минг 31 нафар ватандошимиз (Россиядан – 10 минг 758, Туркиядан – 1 минг 920, БААдан – 1 минг 387) Ўзбекистонга олиб келинди. Бундан ташқари 40 минг 633 нафар фуқаромизнинг Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасини, 4 минг 882 кишининг Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасини, 592 кишининг эса Ўзбекистон – Тожикистон чегарасини кесиб ўтган ҳолда тўсиқсиз ватанга қайтишларига кўмак кўрсатилди. 18-19 май кунлари Россия – Қозоғистон давлатлараро чегарасида («Маштаково» назорат-ўтказиш пункти) тўпланган 1 минг 206 нафар Ўзбекистон фуқароси Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтарилди.
Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, хорижий мамлакатлардаги тезкор штабларга ёрдам сўраб мурожаат қилган чет эллардаги фуқаролар сони 104 мингдан ортиқни ташкил этди.
Хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан биргаликда виза муддатларини узайтириш масалалари ишлаб чиқилмоқда, юридик ва консуллик хизматлари кўрсатилмоқда, эҳтиёжманд фуқароларга вақтинча турар жой, озиқ-овқат, дори-дармон, шахсий гигиена воситалари ва бошқалар билан таъминлашда ёрдам кўрсатилмоқда.
Шу нуқтаи назардан таъкидлаш жоиз, 2020 йил 14 май куни мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси қийин вазиятга тушиб қолган ватандошларга бир марталик молиявий ёрдам тўлашни кўзда тутадиган «Меҳр» лойиҳасини ишга туширди. 6 июнь ҳолатига кўра, 2 минг 428 нафар Ўзбекистон фуқароси 14 миллион 935 минг 76 рубль (тахминан 218 минг АҚШ доллари) миқдорида молиявий ёрдам олди.
25 мартдан 28 майгача дипломатик ваколатхона Москва шаҳридаги ўта қийин вазиятдаги Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва озиқ-овқат эҳтиёжлари учун жами 6 миллион 700 минг 560 рубль (тахминан 100 минг АҚШ доллари) тўлади. Шу каби чоралар Россиянинг бошқа шаҳарларида жойлашган Бош консулхоналар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси 10 мингдан ортиқ ватандошимизга озиқ-овқат тарқатилишини ташкил қилди, 150 дан ортиқ озиқ-овқат тўпламлари ва 1000 дан ортиқ фуқарога 180 минг турк лираси қийматидаги 1 минг 800 та озиқ-овқат талонлари тарқатилди. Шу каби ишлар бошқа кўплаб хорижий шаҳарларда ҳам амалга оширилди.
Ўзбекистоннинг элчихоналари ва консуллик муассасалари коронавирусга қарши курашда инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмак жалб қилиш учун мақсадли ишларни амалга оширди. 10 апрель куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари ташаббуси билан ва диаспора ташкилотлари кўмагида “Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз” номли хайрия акцияси бошланди. Акция доирасида 28 май ҳолатига кўра, 61 минг 675 АҚШ доллари миқдорида маблағ йиғилиб, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилди. Маблағ йиғиш давом этмоқда.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳам “Куч бирликда” хайр-саховат акцияси ташаббуси билан чиқди. Йиғилган маблағлар ҳисобидан 705 оилага қарийб 10 минг евро миқдорида ёрдам кўрсатилди. Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан хайрия маблағларини йиғиш бўйича олиб борилган мақсадли ишлар натижасида 100 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағ Жамоатчилик фонди ҳисоб рақамига ўтказилди.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан Буюк Британиянинг «БАТ» компанияси томонидан 2 миллиард сўм пул ўтказилиши ва ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларини харид қилиш учун 200 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши масаласи ҳал қилинди. Мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги элчихонаси Ўзбекистонга 50 дона ўпкани сунъий шамоллатиш мосламасини беғараз асосда етказиб беришни ташкил қилди.
Умуман олганда, вазирлик ва Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари фаол ҳаракатлари натижасида “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондининг ҳисоб рақамига деярли 250 минг доллар ўтказилди. Шунингдек, чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ёрдамида тиббий жиҳозлар олиш учун 400 минг доллардан кўпроқ маблағ, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, тиббий асбоблар ва буюмлар кўринишидаги бир неча юз тонна инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистонга жалб қилинди.
Ўзбекистоннинг АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Хитой, Франция, Корея Республикаси ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан касалланган беморларни даволаш бўйича тажриба алмашиш мақсадида мазкур мамалакатлар реаниматологлари, юқумли касалликлар бўйича мутахассислари ва терапевтлари билан ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари ўртасида видеоконференсалоқалар ташкил этилди. Бундан ташқари, касалликка ташхис қўйиш, даволаш, олдини олиш ва назорат қилишда ёрдам бериш учун Жанубий Кореядан 2 нафар профессор ва Хитойдан 15 нафар тиббиёт мутахассиси ўзбекистонлик ҳамкасбларига кўмак бериш учун таклиф этилди.
Коронавирус пандемияси глобал муаммоларга қарши курашда самарали натижаларга эришиш учун кучларни бирлаштириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Ҳозирги вақтда мамлакатлар ўртасида коронавирус инфекциясига қарши курашда самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ушбу йўналишда фаол ишлашни давом эттиради, шунингдек, чет элдаги Ўзбекистон фуқароларига ёрдам бериш ва улар манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солади.