БМТ Бош котиби: туризмни тиклаш пандемия оқибатларини енгишга ёрдам беради
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ўзининг махсус нутқида туризмнинг ҳамжиҳатликни кучайтиришдаги аҳамиятига эътибор қаратди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири БМТ Янгиликлар маркази хабарига асосланиб.
"Туризм туфайли турли мамлакатлардаги одамлар ўзаро мулоқот қилади, бир-бирларига ишонишади, иқтисодиётнинг ушбу соҳаси тикланиши пандемия оқибатларини енгишга ёрдам беради" деди у.
"Сайёҳлик COVID-19 пандемиясидан энг кўп зарар кўрган соҳалардандир", деди Антониу Гутерреш. "Шу билан бирга, у ривожланишнинг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда: дунё бўйлаб миллионлаб одамлар учун бу ҳаётнинг ягона манбаси. Бу, айниқса, камбағал мамлакатлар, орол давлатлар аҳолиси ва кўп жиҳатдан хотин-қизлар учун муҳимдир».
БМТ Бош котибининг билдиришича, дунёнинг кўплаб минтақаларида туризмдан тушган маблағлар ҳисобидан биологик хилма-хилликни сақлаш чоралари ҳам кўрилади.
Шунингдек, халқаро ташкилот раҳбари БМТ тизимига кирувчи Жаҳон сайёҳлик ташкилоти туризмни ривожлантириш тарафдори эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланишни ҳисобга олган ҳолда иқтисодиётнинг ушбу секторини қандай тиклаш ҳақида ўйлаш вақти келди.
"Порлоқ келажак сари йўлда биз ҳеч кимни ташлаб кетмаслик ҳақидаги ваъдамизда туришимиз керак", деб таъкидлади Бош котиб.