АҚШ давлат котиби: "Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича жиддий қадамлар қўйилди"
АҚШ Давлат департаменти 2020 йил 10 июнь куни диний эркинлик соҳасида 2019 йил учун навбатдаги маърузани эълон қилди. Унда дунёда эътиқод эркинлиги ҳолати баҳоланган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири манбасига асосланиб.
Ҳужжат ҳар йили нашр этилади ва унинг асосида АҚШ Давлат котиби у ёки бу мамлакатни «алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар» рўйхатига қўшиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Давлат котиби Майкл Помпео ҳисоботни тақдим этар экан, АҚШ ташқи сиёсати кун тартибида диний эркинликни таъминлаш масаласи устувор эканини таъкидлади ва бир қатор мамлакатлардаги ҳолатга баҳо берди.
Хабар қилинишича, диний эркинлик соҳасидаги ижобий натижалар ҳақида сўзлар экан, Давлат департаменти раҳбари Ўзбекистонда эришилган ўзгаришни алоҳида қайд этган.
«Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича жиддий қадамлар қўйилди ва бу қадамлар давом этмоқда. Жорий йил бошида мамлакатда бўлганимда, диний етакчилар билан ажойиб суҳбат қилган эдим», – деди Майкл Помпео.
«Биз 2019 йилда рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳларга қарши бирорта ҳам ҳуқуқ-тартибот рейдини қайд этмадик, 2018 йил билан солиштирганда бу кўрсаткич 114 тани, 2017 йилга нисбатан эса 240 тани ташкил қилган. Бу улкан муваффақият, ҳақиқий ўзгариш», дея таъкидлади АҚШ Давлат котиби.
Диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчи Самуэл Браунбек алоҳида сўзга чиқиб, қатор ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон диний эркинлик соҳасида “алоҳида ташвиш уйғотувчи давлатлар” рўйхатидан чиқарилганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил декабрь ойида Давлат департаменти раҳбари ўз қарори билан Ўзбекистонни ушбу тоифадан расман чиқарган ва шу билан мамлакатнинг диний эркинликни таъминлаш борасидаги салмоқли ютуқларини эътироф этган эди.
Маърузанинг эълон қилинишига изоҳ берар экан, АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси раиси ўринбосари Надин Маенза диний эркинликни таъминлаш борасида саноқли давлатлар Ўзбекистон каби чораларни кўраётганини таъкидлади.
«Давлат департаменти раҳбари томонидан Ўзбекистондаги ўзгариш ва ютуқлар эътироф этилганини кўриш қувонарли», деди Надин Маенза.
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётган Бригам Янг университети Халқаро ҳуқуқий ва диний тадқиқотлар маркази директори ўринбосари Элизабет Кларк ҳам Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги ютуқларини юқори баҳолади.
«Ўзбекистонга диний эркинликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун ҳақиқатан ҳам муносиб эътибор берилмоқда», дея қайд этди Элизабет Кларк.