ТИКА агентлиги 5 минг йиғма шахсий ҳимоя воситасини тақдим қилди
Туркия инсонпарварлик юкининг навбатдаги жўнатмасини қабул қилиб олиш маросими бугун, 12 июнда Миллий палата биносида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маросимда ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жемалиттин Туней иштирок этиб, пандемия даврида тиббиёт ходимлари учун зарур бўлган шахсий ҳимоя воситаларини тарқатиш бўйича Миллий палатанинг тезкор ҳаракатларини юқори баҳолади.
Ўз навбатида, Миллий палата раиси Равшан Изамов синовли дамларда манзилли ҳамкорлик Туркия тақдим этадиган лойиҳалар билан давом этишига ишонч билдирди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемияси билан курашда улкан ютуқларга эришгани эътироф этилди.
Кўзойнаклар, қўлқоплар, бахиллар ва бир марталик ҳимоя ниқоблари ҳамда кўп бор ишлатиладиган 95 респираторлари бу галги шахсий ҳимоя воситалари жамланмаси таркибидан ўрин олди.
5 минг йиғма шахсий ҳимоя воситасидан иборат кўмак пойтахт ва ҳудудлардаги тиббиёт клиникаларига Миллий палатанинг ҳудудий бўлинмалари орқали тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) томонидан 30 апрель куни Миллий палатага инсонпарварлик юкининг дастлабки партияси тақдим этилган эди. 5 минг йиғма шахсий ҳимоя воситаларидан иборат кўмак Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси, Тошкент шаҳрининг 5- ва 7-сонли шаҳар клиник шифохоналарига, 3- ва 6-сонли туғруқ мажмуаларига, «Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази», Ибн Сино номидаги 1-сон клиник шифохона, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий нейрохирургия маркази, 5-сонли шаҳар болалар клиник шифохонаси, 1-сонли шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, СПИДга қарши кураш республика маркази, Кўп тармоқли Тошкент тиббиёт академияси клиникасига тарқатилганди.