Евроосиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ҳамкорлигидаги танлов лойиҳалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида “ZOOM” дастури орқали онлайн шаклда «Биология, биотехнология, экология» фанлари бўйича илмий техник кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Евроосиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ҳамкорликдаги кўп томонлама илмий-техник лойиҳалар танлови натижалари муҳокама қилинди.
Танловга Илмий тадқиқот ва олий ўқув юртлари олимлари томонидан долзарб мавзудаги қатор лойиҳалар тақдим этилган. Барча лойиҳалар ўзига хос, биология фанининг турли соҳаларига тегишли бўлиб, танловнинг «Биохилма-хиллик ва биофаол бирикмалар» йўналиши доирасида қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Унга кўра, илмий техник кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди. Лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Евроосиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида молиялаштирилади.