Азиз Абдуҳакимов Исроил элчиси билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Исроил давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира билан учрашди.
Азиз Абдуҳакимов элчи жанобларига давлат раҳбари ва ҳукуматнинг коронавирус пандемиясига қарши курашиш ҳамда унинг миллий иқтисодиётимизнинг турли секторларига таъсирини юмшатишга доир қарорлари билан батафсил таништирди. Туризм соҳаси субъектларини Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган манзилли қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Исроил томон сайёҳларнинг санитар-эпидемиологик хавфсизлиги учун янги «Uzbekistan. Safe travel Guaranteed» тизими билан таништирилди. Янги тизимнинг асосий мақсади ташриф давомида сайёҳлар хавфсизлигини юқори даражада таъминлашга йўналтирилганлиги қайд этилди. Азиз Абдуҳакимов мазкур тизим асосида замонавий тиббиёт ва санитария ечимлари билан бирга, эпидемиология асосчиси, биринчи бўлиб пандемияга қарши карантин режимини татбиқ қилган улуғ аллома ва табиб Абу Али ибн Синонинг илмий мероси ётишини таъкидлади.
Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистон жорий йилнинг 15 июнидан коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётган мамлакатлар билан авиақатновларни тиклаётгани маълум қилинди. Таъкидлаш жоизки, Исроил санитар-эпидемиологик вазият барқарор бўлган мамлакатлар гуруҳига киради. Шундай экан, Исроил давлатидан мамлакатимизга “яшил рейслар” йўлга қўйилиб, уларнинг фуқаролари Ўзбекистонга ташриф доирасида карантинга йўналтирилмайди.
Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг икки томонлама туристик алмашувни тиклашга доир ишларни бошлаш, халқаро авиақатновлар тикланган ҳолда, исроиллик сайёҳларни максимал қулайлик ва хавфсизлик билан таъминлашга тайёр эканини билдирди.
Эдуард Шапира, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбариятининг Исроил давлати ва сайёҳларига бундай самимий муносабат учун миннатдорчилик билдирди. Элчи Исроил томон 2018 йилнинг февралида биринчилар қаторида ўз фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш режими жорий қилинганини юқори баҳолашини эътироф этди. Қайд этиш лозимки, бу Ўзбекистонга ташриф буюрувчи исроиллик сайёҳлар сонининг сезиларли даражада ўсишига олиб келган. Шапиранинг сўзларига кўра, Исроил элчихонаси пандемияга қадар бўлган даврдаги туристик оқим кўрсаткичларини тиклаш учун барча зарур чораларни кўришга тайёр.
Эдуард Шапира Ўзбекистонда пандемияни назорат қилиш билан боғлиқ барқарор вазиятни инобатга олиб, икки мамлакат авиация ҳукуматлари ўртасида муҳокамалар жараёнини имкон қадар қисқа фурсатларда бошлаш, ташкилий масалалар ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини тезкор ишлаб чиқишни таклиф қилди. У Исроил туризм вазирлиги ҳамда элчихонаси Ўзбекистон исроиллик сайёҳларни қабул қилувчи биринчи мамлакатлар қаторида бўлиши учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини алоҳида таъкидлади.
Дипломат Исроил томоннинг 25 июнь куни Тошкентдан Тель-Авивга биринчи рейсни ташкиллаштиришда кўмак кўрсатиш илтимосини етказди. Ўзбекистон томон ушбу масалани қисқа фурсатда кўриб чиқиб, мамлакатимизга сайёҳ сифатида ташриф буюришни режалаштираётган Исроил фуқаролари учун тижорий асосида “Тель-Авив - Тошкент” йўналишидаги рейсларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Учрашув якунига кўра, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон томон туризм соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини яна бир бор таъкидлаб, бошқа йўналишларда ҳам икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси