БМТ ва Ўзбекистон ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер билан учрашди.
Унда яқинда имзоланган БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) доирасида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳаракатлар режаси барча, айниқса, жамиятнинг энг заиф ва эҳтиёжманд қатламлари учун инсон салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида миллий, минтақавий ва глобал даражаларда БМТ тизими билан ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон БМТнинг тўлақонли аъзоси, шунингдек, 2015 йил сентябрда БМТга аъзо барча 193 та давлат томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор тараққиёт соҳасидаги кун тартибини имзолаган томон сифатида хавфсиз ва соғлом сайёрада барча одамлар учун тенглик, тараққиёт, қадр-қиммат ва адолат ҳукм сурадиган тинчликка интилиш бўйича глобал мажбуриятни ўз зиммасига олади.
Таъкидлаш лозимки, юқоридаги мажбуриятлар 2017 йил февралда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тўлиқ мустаҳкамланган.
– Маълумки, жорий йилда БМТнинг 75 йиллиги нишонланади, – деди Сенат Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев. – Ўтган вақт мобайнида инсониятнинг ривожга етиши, жаҳон урушлари кузатилмаслигида БМТ муҳим роль ўйнайди. Шу жиҳатдан Президентимиз Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, уни сифат нуқтайи назаридан янги босқичга олиб чиқиш борасида берилган топшириқлари асосида Йўл харитаси ишлаб чиқилди. У 17 та йўналишни ўз ичига қамраб олади, яъни давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсий ташаббуслари, барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган таклифларини илгари суриш ва уларни амалга ошириш бўйича хатти-ҳаракатлар, қолаверса, бугунги кунда дунёда глобал вазиятда иқтисодий барқарор ривожланишни таъминлаш ва унга эришишга қаратилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган. Бундан ташқари, БМТнинг институтлари билан биргаликда соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, маданият, туризм каби соҳаларда янги дастурларни амалга ошириш кўзда тутилган. Содда қилиб айтганда, мазкур Йўл харитаси Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янги поғонага кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда қайд этилганидек, БМТнинг юбилей йилида кўп томонлама ёндашувга содиқлиги белгиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ушбу Ҳаракатлар режасини қабул қилади.
– Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ҳукумати билан доимий ҳамкорлигимизни янада кучайтиради, деб ўйлайман ва белгиланган мақсадларни амалга оширишда, биз барча кучларимизни сафарбар этамиз, – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер. – Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ўртасидаги Йўл харитаси июнь ойида имзолангани рамзий маънога эга. Боиси, айнан 75 йил аввал, 26 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми имзоланган.
Шунингдек, учрашувда йўл харитасини биргаликда бажариш, унинг механизмларини ишлаб чиқиш муҳокама қилинди. Хусусан, бир ойда бир маротаба БМТ вакиллари ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан Йўл харитасини бажариш бўйича мониторинг юритилиши, бу борада ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда жамоатчилик назоратини ҳам олиб боришга келишиб олинди.