Ўзбекистон ва Туркманистон делегациялари сиёсий-иқтисодий маслаҳатлашувлар ўтказди
Бугун, 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо вазирлари ўринбосарлари ҳамда Туркманистон ташқи ишлар, савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлари ўринбосарлари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида Ўзбекистон – Туркманистон сиёсий-иқтисодий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги йилларда давлатлар раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва доимий қўллаб-қувватлаши сабабли Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, барқарор ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Шунингдек, иштирокчилар давлат тузилмалари, ҳудудлар ва икки мамлакатнинг ишбилармон доиралари ўртасида муваффақиятли ҳамкорлик қилиш учун қулай шароит яратиш ҳамда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси, Ишбилармонлик кенгаши каби мулоқот шаклларининг имкониятларидан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлашди. Икки мамлакат ўртасида чегараолди савдо зонасини яратиш, экспорт қилинаётган маҳсулотлар ва хизматлар номенклатураси ва миқдорини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар транспорт, транспорт коммуникациялари ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, сув-энергетика муаммоларини ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Тадбирда, шунингдек, сиёсий, маданий ва гуманитар соҳаларда икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.