Осиё тараққиёт банки коронавируснинг салбий оқибатларини юмшатишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди
Жорий йилнинг 25 июнь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) директорлар Кенгаши бюджетни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга 500 млн. доллар миқдорида молиявий маблағ ажратишни маъқуллади.
Узоқ муддатли имтиёзли молиялаштиришни ажратиш тўғрисидаги келишувга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ҳамда ОТБ Президенти М.Асакава ўртасида жорий йилнинг 1 апрель куни видеоконференция орқали ўтказилган музокараларда эришилган эди.
Ажратилган молиявий маблағ пандемия даврида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлаши ҳамда аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Бу маблағлардан ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратлари, тест тизимлари, шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритаётган аёлларга алоҳида ижтимоий пакетлар бериш учун ҳам фойдаланилади.
Ушбу молиявий ёрдам минтақавий техник ёрдам доирасида ОТБ томонидан Ўзбекистон ҳукуматига илгари тақдим этилган 1 555 900 доллар миқдоридаги грант маблағларига қўшимча кўмак ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги