Ўзбекистон Транспорт вазирлиги халқаро авиарейсларга билет сотиб олмасликни тавсия этади
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги халқаро ҳаво қатновини тиклаш бўйича ишлар тугалланмаганига расмий равишда изоҳ берди, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.
Вазирлик сўнгги кунларда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб баъзи хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистонга мунтазам рейслари тикланиши ҳақидаги хабарларга шундай муносабат билдирди.
Муассаса Республика махсус комиссиясининг қарори билан мамлакатда карантин чекловлари 1 августгача узайтирилгани ва халқаро ҳаво қатновини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳали якунига етмаганини эслатди.
“Турли авиакомпанияларнинг Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлаши тўғрисида тарақалаётган расман тасдиқланмаган хабарларга ишониб, авиачипталарни сотиб олманг. Мунтазам рейслар тиклангунга қадар фақат Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ чартер рейсларигина амалга оширилади”, - дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.