Оролбўйида ерларнинг унумдорлигини ошириш ва замонавий иқлим ўзгаришларини кузатиш маркази ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Тоттори университети профессори Кристина Тодерич ҳамкорлигида “SATREPS – 2020” (Япония) танловига тақдим этилган лойиҳа молиялаштиришга тасдиқланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Инновацион ривожланиш вазирлиги манбасида келтирилишича, ушбу лойиҳа Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST) томонидан танлаб олинган 10 та халқаро лойиҳадан энг яхши лойиҳа деб топилган.
«Оролбўйи минтақасида тупроқнинг шўрланишига қарши кураш, ернинг унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш» мавзусидаги ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Киотo университети профессори Кенжи Танака ва доктор Темур Хўжаназаров ҳамда Япониянинг етакчи 8 та университети олимлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.
Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST) ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Оролбўйи халқаро инновация марказининг ушбу лойиҳаси юқори баҳоланди.
Таъкидлаш жоиз, SATREPS дастури Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда биринчи марта амалга оширилади. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги лойиҳа биринчи марта мазкур дастурда танлаб олинди, натижада Ўзбекистон “SATREPS” дастури учун танлаб олинган 51 давлат рўйхатига кирди.
Ушбу лойиҳада Оролбўйи минтақасида ерларнинг унумдорлигини ошириш ва замонавий иқлим ўзгаришларини кузатиш марказини ташкил этиш, метеорологик мониторинглар олиб бориш, шунингдек шўрланган шароитда қишлоқ хўжалигига янги япон технологияларини жорий этиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳа кучли шўрланган шароитда, айниқса Амударё дельтасида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган талабларни ҳисобга олган ҳолда метеорологик кузатувлар ва тўғридан-тўғри прогнозлашнинг янги тизимини яратишга, шунингдек, экинларни диверсификация қилиш ва алмашлаб экишнинг энг яхши маҳаллий ва япон технологияларини кенгайтиришга, қўшилган қийматни баҳолаш ва тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маркетингини олиб боришга йўналтирилган. Лойиҳани амалга ошириш тўғридан-тўғри иқлим ўзгаришига мослашиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш сифатини барқарор ривожлантиришга қаратилади.