Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида янги қадамларни ташламоқда – туркиялик эксперт
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясининг қабул қилиниши халқаро ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Таҳлилчилар ушбу воқеани тарихий воқеа сифатида баҳолаб, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуғини алоҳида қайд этишяпти.
Хусусан, Туркиянинг Арел университети Халқаро муносабатлар факультети декани, профессори Октай Бингёл қуйидагиларни қайд этди:
– Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига барчамиз гувоҳмиз, – деди туркиялик эксперт “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида. – Буларнинг барчаси – халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаётган Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос ташриф қоғозидир. Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ асосий ҳужжатлар иштирокчиси. Мамлакатингиз ушбу соҳада БМТ томонидан қабул қилинган 10 та йирик халқаро шартномага қўшилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш мақсадида ўз қонунчилигини мунтазам такомиллаштириб бормоқда. Сўнгги икки йилда ушбу йўналишда катта ютуқларга эришилди. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг ролини кучайтириш, қатор демократик ислоҳотларни амалга ошириш бўйича туб чора-тадбирлар кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони давлатнинг бу борадаги изчил сиёсатининг мантиқий давомидир.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги янгиликлар Туркия илмий ва академик доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, қонунчилик жараёнида кенг жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, Интернет тармоғи ва “Менинг фикрим” веб портали орқали жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш механизмининг жорий этилиши алоҳида эътибор қозонмоқда.
Шунингдек, мамлакатда парламент назоратининг ҳаётий воқеликка айлангани: парламентдаги тингловлар, бюджет назорати, ҳукумат соати ва депутат сўрови ҳам мақтовга лойиқдир.
Шунингдек, биз нодавлат нотижорат ташкилотларни, оммавий ахборот воситаларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун иккита парламент комиссияси, жумладан, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам беришга катта эътибор берадиган фуқароларнинг конституциявий меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмлари яратилишини қўллаб-қувватлаймиз.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон бўйлаб инсон манфаатларини тўла ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли давлат сиёсати олиб борилмоқда. Республикада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича ҳаракатлар орқага қайтмайди ва юксалиб бораётган жараёнга мувофиқ давом этяпти", дея хулоса қилди туркиялик эксперт.