Расмий: Ўзбекистонда хорижий авиакомпаниялар мунтазам парвозига рухсат берилмаган
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида айрим хорижий авиакомпаниялар жорий йилнинг 1 июль санасидан эътиборан, Ўзбекистонга мунтазам парвозларни қайта тиклаши ва шу муносабат билан авиа чипталар сотуви бошлангани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 14 июндаги қўшма йиғилиши 29-сон баёнига мувофиқ, республика ҳудудида кучайтирилган санитария-гигиена назорати жорий йилнинг 1 августига қадар сақланиб қолиши белгиланган. Бунда кучайтирилган санитария-гигиена назорати даврида Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган барча чекловчи чоралар сақланиб қолади.
Шу муносабат билан, Транспорт вазирлиги хорижий давлатлар авиация маъмуриятларига Ўзбекистон Республикасига авиакомпанияларнинг мунтазам парвозларни амалга оширишларига ҳали рухсат берилмагани тўғрисида ноталар юборган.
Айни дамда Республика махсус комиссиясининг 29-сон баёнига мувофиқ, санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган мамлакатлар билан “яшил”, “сариқ” ва “қизил рейслар”га ажратилган ҳолда мунтазам парвозларни қайта тиклаш устида иш олиб борилмоқда.
Шу ўринда, йўловчиларга эслатиб ўтамиз, турли авиакомпанияларнинг Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлаши тўғрисидаги расман тасдиқланмаган хабарларга ишониб, авиачипталарни сотиб олман.
Мунтазам рейслар тиклангунга қадар фақат Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ, чартер рейсларгина амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларнинг айнан қачондан бошлаб тикланиши юзасидан Республика махсус комиссияси қарор қабул қилади.