Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Ёшларга мурожаати
Қадрли ёшлар!
Аввало, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз.
Бугун сизларнинг қалбингиз, юрагингиздаги ўй-фикрлар, мақсад-муддаолар, керак бўлса, ушалмай турган ниятлар билан яқиндан танишиш, шу асосда ёшлар сиёсати бўйича олиб бораётган ишларимизни баҳолаб, тегишли қарорлар қабул қилишни мен ўз фаолиятим учун ғоят муҳим деб ҳисоблайман.
Ўзбекистон ёшлар мамлакати.
Озод ва обод диёримиз бутун дунё миқёсида ана шундай эътироф этилмоқда. Шунга монанд келажагимиз эгалари камоли, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол улғайиши учун беқиёс имкониятлар яратиб берилмоқда.
30 июнь - «Ёшлар куни» ҳам бутун мамлакатимиз бўйлаб ана шундай эътибор ва ғамхўрликлар ифодаси сифатида кенг нишонланди.
«Ёшлар куни»нинг мамлакатимизда кенг нишонланиши ўсиб келаётган авлодни Ватанга садоқат рухида тарбияловчи, уларни юксак марраларга чорловчи беқиёс рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларга алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Ёшларни қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантириш, улар орасидан билимли, ҳалол ва жонкуяр ходимларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш жуда муҳим вазифа сифатида эътироф этилмоқда.
Бир ой давом этган «Ёшлар ойлиги» чин маънода ёш авлодни ўйлантириб келаётган кўплаб масалалар ва муаммолар ечимига хизмат қиладиган, аксарият саволларга амалий жавоб берадиган, бир сўз билан айтганда, ёшларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирадиган, эртамиз эгаларининг қалбида ишонч уйғотадиган фойдали тадбирга айланмоқда.
«Ёшлар ойлиги»ни кенг нишонлашдан асосий мақсад, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча ёшларнинг қалбида шу юртга нисбатан дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларнинг уз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш, ижтимоий нофаол ёшларни турли соҳаларга йўналтирган холда жамиятда узларининг муносиб ўринларини топишлари учун кўмаклашишдан иборат.
Ўзбекистон аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этиши халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлигига айлантирган. Улар учун барча шарт-шароит, имтиёзлар, имкониятлар ва қулайликлар эшиги кенг очилиб, ёшларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
2017 йилнинг 2 декабрида янги бино қаерда қурилиши кераклиги деган савол қўйилганда давлатимиз раҳбари Олмазор туманига ташриф буюрганида, «Талабалар шаҳарчасида минглаб талабалар, ўқитувчилар бор, уларга шароит яратишимиз керак. Инновация ёшлардан чиқади. Уларга бир майдонча яратайлик. Янги ташкил қилинган Инновация вазирлиги ҳам шу ерда жойлашсин ва бу ерда илмий-амалий марказ, замонавий лабораториялар бўлади», деб топшириқ берган эдилар. Мана 3 йилдан сўнг бу ихтирочилар уйи тайёр бўлди.
Вазирлик бежиз Талабалар шаҳарчасига жойлаштирилмади. Бу ердаги олий ўқув юртларида минглаб иқтидорли ёшлар, тадқиқотчилар, олимлар бор. Уларни жалб этиб, қўллаб-қувватлаб, ҳар бир соҳада янгилик яратиш керак.
Вазирлигимиз биноси Ўзбекистоннинг ёшлари, ихтирочилари ҳамда янги инновацион ғоя ва технологияларга қандай очиқ эканлигини кўрсатади.
Бинонинг ертўла қаватида аэрокосмик тадқиқотлар ва 3Д прототиплаштириш бўйича иккита янги ўқув лабораторияси, ходимлар учун тренажёр ва тиббий хизмат кўрсатиш хоналари бор. Аэрокосмик тадқиқотлар лабораториямизда эса ўқувчилар ер сунъий йўлдошини ўзлари йиғиб, учириб кўришлари мумкин. Кутубхонамизда уч мингдан ортиқ китоблар, беш мингдан зиёд QR-кодли китоблар, Алишер Навоий номидаги кутубхонадан тўғридан-тўғри 100 мингдан ортиқ китобни махсус технологиялар ёрдамида кўчириб олиш имкони бор.
1 қаватдан 3 қаватгача бўлган кўргазмалар зали, робототехника бурчаги, илғор лабораториялар, cо-wоrking марказлар юртимиздаги олимлар, стартапчилар ҳамда иқтидорли ёшлар эҳтиёжларига тўлиқ топширилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкор ташкилотларни жалб этган холда чекка ҳудудларда яшовчи ёшларнинг замонавий таълим йўналишларида билим олиш, уларнинг ғоялари асосида лойиҳаларни амалга ошириш, уларда инновацион интеллектуал муҳитни шакллантириш ва ишлаб чиқишга татбиқ этиш мақсадида “TexnoBus” технологик платформаси ишлаб чиқилди. Мана бугун Ёшлар куни байрами муносабати билан ушбу лойиҳага старт берилди.
Инновацион фаолият билан шуғулланувчилар асосан ёшлар ҳисобланади, шу сабабдан бизнинг ёш аҳолимиз - бизнинг инновацион мамлакатимиздир!
Сўзим якунида яна бир бор сиз азиз Ёшларни бу байрам билан табриклаб, мамлакатимиздаги барча ёшларни келажакда давлатимиз ривожи учун ҳисса қўшадиган лойиҳалар яратишларида, Ўзбекистонни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторига киритишдаги саъй-ҳаракатларингизга муваффақиятлар тилаб қоламан.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги