Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига янги раҳбар тайинланди
Италиялик Марко Мантованелли Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига раҳбар этиб тайинланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири банк ваколатхонасининг “Facebook”даги хабарига асосланиб.
Тайинловга қадар, Марко Мантованелли Жаҳон банкининг Косово ва Шимолий Македониядаги ваколатхоналари раҳбари лавозимида ишлаган.
Маълум учун, Марко Мантованелли Болония университетининг (Италия) Халқаро муносабатлар ва сиёсатшунослик мутахассислиги бўйича магистр даражасини, шунингдек, Жонс Хопкинс номидаги университетнинг Илғор халқаро тадқиқотлар мактабида (АҚШ) халқаро иқтисодий фанлар магистри даражасини олган. У иқтисодий ривожланиш бўйича эксперт сифатида Лотин Америкаси, Африка ва Европада 20 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига 2017 йилдан бери япониялик Хидеки Мори раҳбарлик қилиб келаётган эди.