Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида қўшма Инвестиция ва интеграция фондини тузиш бўйича консалтинг компания танланди
Бугун, 1 июль куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар ваколатли вазирликлари мансабдор шахсларининг видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия давлатларининг ташқи сиёсат, инвестиция, молия, адлия бўйича вазирликлари мутасаддилари ҳамда Туркий кенгаш бош котиби Бағдат Амреев иштирок этди.
Йиғилишда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг қўшма Инвестиция ва интеграция фондини тузиш бўйича тўртта мустақил консалтинг компания – «Deloitte», «Ernst and Young», «McKinsey» ва «Escarus» томонидан тақдим этилган техник ҳамда молиявий таклифлар қиёсий муҳокама қилинди.
Томонлар Фондни тузиш бўйича ишларнинг жорий ҳолати, кенгашга аъзо давлатлар тақдим қилган битим лойиҳасини кўриб чиқди.
Мулоқот чоғида қўшма Инвестиция ва интеграция фондини тузиш учун таҳлиллар олиб борадиган компания танлаб олинди ва маслаҳат хизматлари харажатларини қоплаш масаласи ўрганилди.
Тадбир якунида Туркий кенгаш бош котиби билан танлаб олинган консалтинг компания раҳбари ўртасида ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди.