Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ва ИҲТ Бош котиби ўринбосари кўп қиррали ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков бугун, 2 июль куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Аҳмад Ссенёмо билан видеоконференсалоқа шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ИҲТ билан кўп қиррали ҳамкорлиги, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларидаги муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш ва мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатдошлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Иқтисодиёт ва савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ИҲТ билан муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Ўзбекистон ИҲТ Бош котибияти, Ислом тараққиёт банки, ИҲТнинг Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси (СОМСEС), Савдони ривожлантириш бўйича ислом маркази ва ташкилотнинг бошқа тузилмалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор бўлиб, бу мамлакатимизда лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон беради.
Томонлар, шунингдек, COVID-19 пандемияси шароитида ИҲТ иштирокчилари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилди, коронавирус салбий оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлиги таъкидланди.
ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистон ҳукумати томонидан иқтисодий фаолликни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мамлакатда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.