Ўзбекистонда Китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш вазифалари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти «Табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги Китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур қарор билан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Китоб давлат геология қўриқхонаси давлат муассасаси ҳудудидаги асрлар давомида шаклланган ноёб табиат ёдгорликлари ҳамда халқаро эътироф этилган «Зинзилбан» кесмасининг геология фанида тутган ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
Унга кўра, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Китоб давлат геологик қўриқхонаси давлат муассасаси негизида табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги Китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тасарруфидаги Китоб давлат геология қўриқхонаси давлат муассасаси негизида табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги Китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилади.