Ўзбекистон-Италия: Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи муҳокама этилди
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида 2 июль куни Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ва Италия –Ўзбекистон савдо палатаси (“ITALUZ”) ҳамкорлигида Ўзбекистон – Италия бизнес-форуми ўтказилди.
Видеоконференция шаклида бўлиб ўтган форумда Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Италия – Ўзбекистон савдо палатаси президенти Луижи Иперти, Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров, шунингдек, агросаноат соҳасида фаолият олиб бораётган ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Тадбирда экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Италия ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
А.Икромов сўнгги йилларда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўлами кенгайгани, ташкил этилаётган қўшма тадбирлар эса ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Жаноб Иперти Ўзбекистоннинг Италиядаги ҳамкор ташкилотлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги фаоллигини юксак баҳолади.
Маълумки, ўтган йил ноябрь ойида Ломбардия вилояти губернатори А.Фонтан бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида B2B форматидаги кооперацион биржа ва Ўзбекистон – Италия бизнес-форуми ташкил этилган эди.
Умуман, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кейинги йилларда анча кенгайди. Масалан, ўтган йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жами 402,3 миллион долларга етиб, 2018 йилга нисбатан ўсиш 32 фоизни ташкил этган. Айни пайтда Ўзбекистонда Италия сармояси иштирокидаги 50 та корхона фаолият кўрсатмоқда, шуларнинг 14 таси 100 фоиз Италия капитали асосида ишлаяпти.
Онлайн-конференцияда мева-сабзавот, чорва моллари етиштириш, далаларимиздаги мева-сабзавотни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва совутиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Италияда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаларини мамлакатимизга етказиб бериш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди. Айни йўналишда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш долзарб экани қайд этилди.
Форумда Италиянинг «Besana Group», «Versilfood», «Sfoggia», «Priamo» ва бошқа бир қатор компаниялари вакиллари соҳага оид маърузалари билан чиқиш қилди.
Иштирокчилар бу каби очиқ мулоқотлар истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувларни жадаллаштириш, ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилаш, қолаверса, Ўзбекистон ва Италия ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар самарадорлигини оширишга имкон яратишини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ва “BMB Trade Group” компанияси вакиллари ҳам иштирок этган форумда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи икки мамлакат компаниялари ўртасидаги шериклик кўламини кенгайтириш ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим омили экани таъкидланди.
Саидмурод РАҲИМОВ, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА