Америка ва Канада туроператорлари Ўзбекистонга саёҳат тикланишини кутишмоқда
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Аъзамов мамлакатимиз ижобий имижини тарғиб қилиш ва чет эллик сайёҳларнинг юртимизга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш доирасида АҚШ ва Канададаги сайёҳлик агентликлари учун онлайн брифингда иштирок этди. Тадбирга Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов модераторлик қилди.
Брифингда АҚШ ва Канаданинг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатларига саёҳатлар ташкиллаштиришга ихтисослашган етакчи сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, шунингдек маданий-гуманитар доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбир аввалида иштирокчиларга мамлакатдаги пандемия ҳолати ва эпидемиологик вазиятни нормаллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ҳукуматнинг чет эллик сайёҳларни қабул қилиш учун зарур бўлган инфратузилмани тўлиқ тайёрлашга оид фаолияти тўғрисида маълумот берилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти томонидан пандемияда халқаро туризмни рағбатлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, АҚШ ва Канададан туристик оқимларни қайта тиклаш истиқболлари, хорижий сайёҳлик агентликлари ва туристларга қўйиладиган талаблар ва тавсиялар, мамлакатда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш шарт-шароитлари ҳамда Ўзбекистон ички туризмини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, соҳадаги тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига урғу берилди. Асосий вазифа меҳмонхоналар, сайёҳлик компаниялари, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ёпилишига йўл қўймасликдан иборат эканлиги таъкидланди.
Улуғбек Азамов брифинг иштирокчиларига жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб мамлакатнинг «яшил» ва «сариқ» минтақалари ички туризм учун очилиши, шунингдек, жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб хорижий мамлакатлардаги коронавирус билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, хавф даражаси бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилган ҳолда халқаро рейслар қайта тикланиши ҳақида сўз юритди. АҚШ ва Канада туризм соҳаси вакиллари республикамизда соҳани қўллаб-қувватлашга доир кўрилаётган чора-тадбирларга катта қизиқиш билдиришди ва туризмни қайта тиклашнинг турли жиҳатларига оид саволлар беришди. Туризм соҳасини тиклашни жадаллаштириш ва уни ривожлантириш учун янги воситаларни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар, туризм бизнеси учун берилган имтиёзлар, преференциялар, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида “Очиқ осмон” режимини кенгайтириш, шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантиришни рағбатлантириш чора-тадбирларига юқори баҳо берилди.
Дунё стандартлари асосида ишлаб чиқилган “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” сайёҳлар учун янги санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими лойиҳаси видеоконференция иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонда сайёҳлар хавфсиз бўлишларини таъминлаш учун барча сайёҳлик объектларида санитария-гигиена нормаларининг ягона талаблар киритилганлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги фахрий консули Керол Лопез ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ҳақидаги постларнинг сезиларли даражада кўпайганига эътибор қаратди. Ўз навбатида, Улуғбек Аъзамов республикада миллий брендни оммалаштириш мақсадида маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар учун қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилаётгани, бу эса Ўзбекистон тўғрисидаги постларнинг кўпайишига туртки берганини таъкидлади. Бундан ташқари, рақамли медиа-оламнинг ривожланиши ва сўнгги 3 йил ичида мамлакатимизга ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар сонининг кўпайиши ҳам Интернет тармоқларида ўзбек контентининг фаоллашувига сабаб бўлди.
АҚШ маданий-гуманитар доиралари вакиллари Ўзбекистон-Америка дўстлик жамоаларини мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди. Сиэтлдаги ўзбек диаспораси фаоли Фазлиддин Шамсиев Тошкент билан дўстлик алоқаларини кенгайтириш учун барча имкониятларини сафарбар қилиши ва маҳаллий туроператорларни Ўзбекистондаги янги имкониятлардан хабардор қилишга тайёр эканини қайд этди.
“San Diego Metro” журнали муҳаррири Мартин Круминг Сан-Диего шаҳри вакиллари ва Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларидан бири ўртасида дўстлик ҳамжамиятини яратишга қизиқиш билдирди. Унинг фикрича, бундай иттифоқ Америка шаҳрида ўзбек брендини мустаҳкамлашга ва Ўзбекистонга саёҳат қилувчи америкаликлар сонини оширишга ёрдам беради.
Тадбир натижаларига кўра, Америка қитъасидан Ўзбекистонга туристик оқимни тиклаш, эпидемиологик вазият барқарорлашиши билан АҚШ ва Канада сайёҳлик компаниялари учун мамлакатимизга махсус ўрганиш сафарини ташкил этиш, таклиф этилаётган сайёҳлик йўналишлари кўламини кенгайтириш мақсадида мунтазам музокаралар олиб боришга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси