Ўзбекистон ва Малайзия кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари амалий жиҳатдан муҳокама қилинди
Куни-кеча Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (ДБА) раҳбарияти ва Малайзия Миллий давлат бошқаруви институти (INTAN) ўртасида видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
INTAN 1959 йилда Малайзия Бош вазирининг давлат маъмурий бошқаруви департаментининг тузилмавий бўлими сифатида ташкил этилган ва мамлакатда кадрлар тайёрлаш бўйича давлат секторининг асосий ўқув муассасаси саналади.
Музокаралар чоғида давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг касбий малакаларини ошириш, шунингдек, давлат бошқаруви тизимида илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Малайзия томони ДБА билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришдан, хусусан республика давлат бошқаруви соҳаси вакиллари учун қисқа муддатли курслар, шунингдек, Ўзбекистон томонининг истагига кўра махсус мавзулар бўйича ўқув-курсларни ташкил этишдан манфаатдор эканлигини айтди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, коронавируснинг авж олиши сабабли INTAN томонидан жорий йилдаги хорижий мамлакатлар иштирокидаги ташкил этиладиган барча тадбирлар қолдирилганди. Шу сабабли, хориж томон ДБА нинг пандемия даврида Академия тингловчилари учун онлайн-семинар ва ўқув курслар ташкил этиш борасидаги таклифини қўллаб-қувватлади.
Томонлар музокаралар чоғида Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари учун давлат бошқаруви, кадрлар сиёсати, давлат хизматига киришиш тизими, тренинг ўқув машғулотлари, семинарлар, маҳорат дарслари ўтказиш учун масофавий тарзда INTAN мутахассисларини жалб қилиш бўйича келишувларга эришди. Бундан ташқари, томонлар ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш ва видеоконференция шаклидаги Академия томонидан ташкил этиладиган илмий-амалий тадбирларда малайзиялик мутахассисларнинг масофавий тарзда иштирокини таъминлашга келишиб олинди.