Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг ўсиш нуқталари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш бўйича таҳлиллар олиб боряпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ишчи гуруҳ дастлаб Жиззах вилоятини минтақавий ривожлантириш дастурида белгиланган вазифалар ижроси билан танишди.
Вилоятда 2020-2021 йилларда 12,4 триллион сўмлик 726 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Шундан жорий йилда 4,9 триллион сўмлик 549 та лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши 2021 йил якунига қадар 20,1 минг иш ўрни яратишга имкон беради. Масъул раҳбарларга мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ва ишга тушириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, вилоятда истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича қўшимча захираларни аниқлаш топширилди.
Шунингдек, ташриф давомида вилоятда касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлиги таҳлил этилди. Ушбу йўналишда тўқимачилик, паррандачилик ва боғдорчилик соҳасида жами 28,2 миллион долларлик 44 та, жумладан, 24 та кенг кўламли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик ва балиқ овлаш соҳасида қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
«Жиззах» эркин иқтисодий зонасининг минтақа иқтисодий ривожланишининг алоҳида «драйвери» сифатидаги салоҳияти ўрганилди. Гуруҳ фаолияти давомида қатор инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш учун ҳозирги вақтда мавжуд муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан тегишли бошқармалар раҳбарларига аниқ техник кўрсаткичлар ва муддатларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча трансформатор подстанцияларини қуриш, юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари, автоматик газ тақсимлаш станциялари ва газ қувурларини барпо этиш, сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш топширилди. Ушбу чораларнинг амалга оширилиши эркин иқтисодий зона иштирокчилари мақомини олган ва ҳозирги кунда фаолият юритаётган корхоналар муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради. Шунингдек, эркин иқтисодий зона ҳудудининг бўш қисмида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имконини яратади.
«Зомин-фарм» эркин иқтисодий зонасининг ишга солинмаган улкан салоҳияти мавжудлиги аниқланди. Шу сабабли масъул раҳбарлар томонидан ушбу ҳудудда ички ва ташқи бозорда харидоргир, юқори сифатли фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган истиқболли ва юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича конструктив таклифлар тайёрлаш бўйича иш олиб борилмоқда.
Экспорт кластерлар моделини жорий этиш орқали Жиззах вилоятида боғдорчиликни ривожлантириш вазифаси қўйилди. Вилоятда мева экинлари етиштириш учун фойдаланиладиган жами 11,3 минг гектар, шу жумладан, интенсив боғдорчилик учун ажратилган 3,9 минг гектар ер майдони мавжуд. 2020 йилда ушбу соҳани ривожлантириш учун қўшимча 4,1 минг гектар ер майдони ажратилмоқда ва бу 2021 йил охиригача йиллик мева етиштириш ҳажмини 130 минг тоннага кўпайтиради, 2019 йилга нисбатан 40 фоизга ўсишини таъминлайди. Натижада вилоятда етиштирилаётган меваларни қайта ишлаш даражаси 2019 йилдаги 10,3 фоиздан 2021 йил охирига қадар 15 фоизгача ортади. Лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини ва ташаббускорларини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тўқимачилик, электротехника ҳамда қурилиш материаллари саноати иқтисодий ўсишнинг алоҳида нуқталари сифатида белгиланди. Мисол учун тўқимачилик саноатида умумий қиймати 257,9 миллион долларга тенг 31 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 8 минг 218 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Натижада 2021 йилга келиб маҳаллий калава-ипни қайта ишлаш даражаси 60 фоизга етади (ўсиш – 80 фоиз). Тўқимачилик матолари тайёрлашда ўсиш – 78 фоизни, ип газлама бўйича ўсиш – 76 фоизни, тайёр тикув трикотаж маҳсулотлари бўйича ўсиш – 2,7 бараварни ташкил этади. Қурилиш материаллари соҳасида 36 янги фойдали қазилмалар конларини (мармар оникси, цемент, табиий декоратив тошлар, гипс ва ангидрит, оҳактош, керамзит, силикат қуми) ишлатишни бошлаш ва цемент, оҳак, гипс, пишиқ ғишт, қум, табиий қопламали тошлар, газли бетон ва темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу йўналиш бўйича умумий қиймати 4,5 триллион сўмлик 66 та инвестиция лойиҳасидан иборат пакет шакллантирилиб, 198,1 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида 556 миллиард сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилади ва натижада 2 минг 500 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланишнинг ҳозирги ҳолати ўрганиб чиқилди. Бу тизимда ҳосилдорликнинг пасайиши туфайли нафақат балиқ овлашнинг қисқариши, балки қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун Сирдарё дарёсидан чучук сув ажратилишининг кўпайгани аниқланди. Бу, ўз навбатида, ҳудуд ерларининг ортиқча шўрланишига олиб келмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланилиши таҳлил қилиниб, унинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, кўллар тизимини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш, сув ресурсларини тарқатишни электрон тизим орқали оптималлаштириш ҳамда балиқ овлаш саноати учун квоталар жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, балиқчиликни ягона тизимга интеграция қилиш механизмларини жорий этиш, браконьерликка қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ва логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ сафар давомида Самарқанд вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш борасидаги ишларнинг бориши ўрганилди.
Жумладан, 16,4 триллион сўмлик 1 минг 268 та лойиҳани ўз ичига олган ҳудудий ривожлантириш дастури ижроси таҳлил қилинди. 2021 йилнинг биринчи чораги якунигача 10,3 триллион сўмлик 1 минг 183 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 2021 йил охирига бориб вилоятда 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.
Тўқимачилик, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати, ипакчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик, асаларичилик ва заргарлик соҳаларида амалга ошириш учун 153 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Шундан 27 та йирик лойиҳа аҳоли билан ҳамкорликни ривожлантириш ва касаначиликни ташкил этиш орқали улар бандлигини оширишга қаратилган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 104,2 миллион долларни ташкил этади.
Сафар давомида минтақадаги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёни билан танишилди. Абу-Даби тараққиёт жамғармасидан жалб этилган 90 миллион доллар маблағ Самарқанд шаҳри ичимлик суви таъминоти тизимини замонавийлаштиришга, Жаҳон банки томонидан ажратилган 66 миллион доллар эса вилоят ва алоҳида тарзда Каттақўрғон шаҳрида сув таъминоти, санитария тармоқларини қуриш, қайта таъмирлашга йўналтирилгани, бу йўналишдаги лойиҳаларнинг умумий миқдори 273,5 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди. Халқаро молия институтларининг 117,5 миллион доллар миқдордаги қўшимча маблағлари 6 та туман марказлари ва шаҳар типидаги посёлкаларда оқова тизимларини қуриш ва замонавийлаштириш учун йўналтирилади.
Умумий миқдори 217 миллион долларни ташкил этувчи Самарқанд шаҳри марказий кўчаларини модернизация қилиш, шунингдек, вилоятда асосий йўлларни қуриш ва жиҳозлаш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш жадаллашади.
Мутасаддилар «Ургут» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини таҳлил қилди. Ҳудудда гилам тўқиш, тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари, шунингдек, маиший техника ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. ЭИЗни кенгайтириш учун унга Ургут ва Пахтачи туманларида, шунингдек, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида чегаралари аниқ белгиланган 730 гектар ер майдонлари қўшилади.
Хорижда яшаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар имкониятлари билан амалга ошириладиган қатор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу йўналишда умумий қиймати 366,1 миллион долларлик 43 лойиҳа режалаштирилди.
Вилоят иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда маҳсулотларни етиштириш, йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш, сертификатлаш ва ташиш жараёнларини қамраб оладиган экспорт кластерлари моделини кенг жорий этиш орқали боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишга топшириқ берилди. 2020-2021 йилларда бу лойиҳалар учун 3,1 минг гектар, шу жумладан, илгари пахта ва буғдой етиштириш учун фойдаланган 800 гектар майдон ажратилади. Шу билан бирга, ушбу лойиҳалар натижасида вилоятда йиллик мева ишлаб чиқариш ҳажми 334 минг тоннадан 431,5 минг тоннага (30 фоиз ўсиш) ошиши кутилмоқда.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, тадбиркорлар мавжуд муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг аниқ ташаббускорлари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳ Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ишни давом эттиради.
Шу билан бирга, сафар давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича экспорт фаолияти якунлари, шунингдек, мамлакат айрим минтақаларининг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилган таклифлар видеоконференция шаклида муҳокама қилинди.
Тадбирда жорий йилнинг 6 ойи давомида маҳаллий корхоналар томонидан 6,1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилингани маълум қилинди. Шу билан бирга, 950 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди ва 85 та янги маҳсулот турларининг хорижга экспорт қилиниши йўлга қўйилди.
Тармоқ идоралари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиб, улар асосида экспорт фаолиятини амалга оширишга халақит қилаётган тизимли муаммолар таҳлил қилинди. Экспорт қилувчи корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигига баҳо берилди. Мисол учун, тўқимачилик корхоналарига ўз вақтида ва манзилли тарзда айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар ажратилиши натижасида тўқимачилик саноатида 828 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Жорий йилнинг иккинчи ярмида мамлакатда қатор соҳалар ва минтақалар ташқи иқтисодий фаолиятига ташқи омилларнинг эҳтимолли салбий таъсирини камайтириш мақсадида амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти алоҳида қайд этилди, уларнинг фидокорона меҳнати туфайли жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 2,7 миллиард доллар миқдорида қўшимча экспорт амалга оширилди.
Шунингдек, ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган конструктив таклифлар муҳокама этилди. Масъул раҳбарларга барча мавжуд ресурслардан фойдаланиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товарларини экспортга етказиб беришни ошириш мақсадида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқилган механизмлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда экспорт йўналишлари ва маҳсулот турларини диверсификация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш топширилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлари, хусусан, Сўх туманининг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришга оид вазифалар ижроси алоҳида кўриб чиқилди. 2020-2021 йилларда ушбу ҳудудда жами 216,1 миллиард сўмлик 98 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 4 минг 920 янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишда ишлар аллақачон бошлангани таъкидланди – тижорат банклари ва инвесторлар маблағлари ҳисобидан ушбу туманда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ажратилмоқда.
Видеоконференция якунида вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар масъул раҳбарларига амалга ошириш муддатлари аниқ белгиланган топшириқлар берилди.