Жанубий Корея ташқи ишлар вазири билан икки томонлама шерикликнинг кенг кўламли йўналишлар бўйича ҳамкорликни истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Сеул шаҳрига ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Учрашув чоғида икки томонлама шерикликнинг кенг кўламли масалалари, шунингдек, устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Кўп жиҳатдан Корея Республикаси Президентининг 2019 йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширилган ташрифи туфайли эришилган мамлакатлараро мулоқотнинг юқори даражаси таъкидлаб ўтилди. Ташриф давомида қатор битим ва шартномалар имзоланди.
Учрашувда, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунёда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича энг катта муваффақиятга эришган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган Кореянинг илғор амалиётини Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, пандемияга қарши курашда халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мувофиқлаштиришга келишилди.
Бундан ташқари, ҳукумат ва вазирлар даражасида икки томонлама тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея Бош вазирлари ўринбосарларининг 3- йиғилиши, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон - Жанубий Корея ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги 10-йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес – форумини ташкил этиш шулар жумласидандир.
Учрашув якунларига кўра мамлакатлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди ва умумий вазифаларни бажариш учун биргаликдаги фаолиятни давом эттириш бўйича ҳар икки томон ҳам тайёриги қайд этилди.