Ўзбекистон - Испания: темир йўл соҳасида яна бир қўшма лойиҳа амалга оширилади
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан Испаниянинг «IBERTEST» компанияси ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири жамият манбасига асосланиб.
Учрашувда Ўзбекистонда «Темир йўл таркибий қисмларини синовдан ўтказиш бўйича миллий маълумот марказини амалга ошириш» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик шартномасини имзолаш масалалари муҳокама этилди.
Онлайн муҳокамаларда ўзбек томонидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Ҳусниддин Ҳосилов, тегишли бўлинма раҳбарлари, мамлакатимизнинг Испаниядаги элчиси Жаҳонгир Ғаниев, Испания томонидан «IBERTEST» бош директори Хосе Гарция, «SERCOBE» Испания ишлаб чиқарувчилари уюшмаси бош директори Хуан Рамон Дуран иштирок этди.
Анжуманда Ҳ.Ҳосилов Испания билан биргаликда Ўзбекистон темир йўл саноатини ривожлантиришда муҳим қўшма лойиҳа амалга оширилаётганини таъкидлади. Испания Қироллиги Саноат, савдо ва туризм вазирлиги қошидаги корпоратив интервализация фонди (ФИЕМ Фонди) Ўзбекистон Республикасининг темир йўл тармоғини ривожлантириш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар бериш бўйича фаол иш олиб бораётгани юқори баҳоланди.
— «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан «Patentes Talgo S.L.U» ўртасида амалга оширилаётган «Талго-250» тезюрар поездларининг иккита ва тўртта эконом классидаги енгил машиналарини сотиб олиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа учун ФИEМ фонди томонидан 57,5 миллион евро миқдорда 30 йил муддатга, шу жумладан йиллик 0,05 фоиз ставка билан 10 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилди, — деди Ҳ.Ҳосилов.
Музокараларда юк ташиш вагонларини таъмирлаш корхоналари базасини янада яхшилаш, эскирган ускуналарни замонавий ва энергия тежайдиган технологик ускуналар билан жиҳозлаш учун томонлар «Темир йўл таркибий қисмларини синовдан ўтказиш бўйича миллий технологик маълумот марказини жорий этиш» лойиҳасини амалга ошириш учун ФИEМ фонди кредит маблағларини жалб қилиш масаласини кўриб чиқди.
Онлайн учрашувда мамлакатимизнинг Испания Қироллигидаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон темир йўллари мутахассисларининг «IBERTEST Advanced Testing Solutions» синов лабораторияларида малака оширишлари тасдиқланди.
Видеоконференция доирасида томонлар қатор келишувларга эришди.
Жобир Хўжақулов,
«Дунё» АА