Жанубий Корея ва Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Корея Республикасининг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги қошидаги Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси (КЎБУ) раиси Ким Ёнг Гу билан икки мамлакат ишбилармонлари алоқаларини фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Маълумот учун, Корея Республикаси Саноат, савдо ва энергетика вазирлиги қошидаги Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси Инчон шаҳридаги Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес маркази негизида 2020 йил апрель ойида ташкил этилган. Бизнес уюшманинг мақсади — савдони кенгайтириш ва ўзаро алоқаларни фаоллаштириш орқали Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг иқтисодий ривожланиш платформасини ташкил этиш ҳисобланади. Бошқарув таркибига 6 та фахрий маслаҳатчи ва Жанубий Корея иқтисодиётининг турли соҳаларидан 8 та директор киради.
Учрашувда, шунингдек, КЎБУ директорлар кенгаши аъзолари —«Evergreen Motors», «Englishunt», «BT&I», «Hanshin E&C» каби Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда Фарғона шаҳридаги Корея Республикаси халқаро университети (КХУ) ректори иштирок этди.
Уюшма раҳбарияти мамлакатда босқичма-босқич олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва инвестиция муҳитининг яхшиланиши туфайли Жанубий Корея компанияларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.
Учрашувда Жанубий Корея ишбилармонлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ташаббуслар ва яқин келажакдаги режалари билан бўлишди.
Шунингдек, мулоқотда қурилиш ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм каби соҳаларни ривожлантиришда аниқ лойиҳаларни имплементация қилишда манзилли ёрдам кўрсатиш чоралари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари устида амалий ишлар олиб бориш, тегишли вазирлик ва идоралар билан музокаралар ўтказиш мақсадида Жанубий Кореянинг айрим компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашув якунида Фарғона шаҳрида КЎБУ расмий ваколатхонасини очиш тўғрисида келишувга эришилди. Ташкил этиладиган ваколатхона ҳар икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш ва Жанубий Корея инвестицияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар сонини оширишга имкон беради.