Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Сеулга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари Ким Санг Хи билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар шерикликни назарда тутган ҳолда парламент дипломатиясини изчил кенгайтириш ва Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни жадал ривожлантириш бўйича ўзаро чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди. Ҳар икки мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатувчи ўзаро ҳамкорликнинг стратегик аҳамияти таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан ҳар икки мамлакат парламентларида ташкил этилган дўстлик, ҳамкорлик уюшма ва гуруҳларининг алоҳида мувофиқлаштирувчи роли ҳам қайд этилди.
Биргаликда янги ташаббус ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати номидан Жанубий Корея билан савдо, инвестиция, молия, таълим, илм-фан, тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини янада оширишга қизиқиш билдирилди. Шу нуқтаи назардан, Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ташаббуси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Шунингдек, бу жараён Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш динамикасига ижобий таъсир кўрсатиши ҳам таъкидланди.
Ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини мустаҳкамлашни таъминловчи шунингдек, давлатнинг бизнес ва инвесторлар билан муносабатларини тартибга солувчи илғор қонунчилик механизмларидан фойдаланиш мақсадида Жанубий Корея ҳуқуқшунослик тажрибасини яқиндан ўрганишга келишиб олинди.
Истиқболли лойиҳаларни самарали амалга ошириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик шакллари ва механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ҳар икки мамлакат парламентлари ва ҳукуматларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича келишувга эришилди.