Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ҳукуматларининг инвестиция ва инфратузилмавий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёноти
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати 2020 йил 29 июнь – 1 июль кунлари Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Бойлер ва АҚШнинг Афғонистонда миллий ярашув жараёни бўйича махсус вакили Залмай Халилзадни Ўзбекистонда мамнуният билан кутиб олди.
АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муҳокамаларда асосий эътибор инфратузилмани ривожлантириш соҳасига ҳамда иқтисодий ўсиш ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун бошқа инвестицияларга қаратилди.
Ташриф якунида DFC бош ижрочи директори Адам Бойлер ва Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Сардор Умурзаков қуйидаги баёнотни қабул қилдилар:
Минтақага инвестиция киритиш Ўзбекистон халқи учун барқарор иқтисодий ўсиш ва имкониятлар яратиши мумкинлиги ҳақида самарали муҳокамалар ўтказилди. Бундан ташқари, иқтисодиётнинг узоқ муддат давомида ўсиши минтақавий барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон сезиларли ютуқларга эришишда давом этаётганлиги туфайли мамлакатга инвестицияларни жалб этишни жадаллаштириш учун DFC хусусий сектор билан ишлаши мумкин.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга бўлиб ўтган ташрифи якунида икки мамлакат президентлари томонидан қабул қилинган Қўшма баёнотга асосланиб, "Стратегик шерикликнинг янги даври"ни чуқурлаштириш истагини яна бир бор тасдиқладилар.
Ҳукуматларимиз ўртасидаги мулоқотларнинг жадаллашуви натижасида АҚШ ва Ўзбекистон давлатлараро ҳамкорликнинг янги босқичини бошдан кечирмоқда.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли инвестицияларни, инновацион ва технологик ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ҳамкорликнинг долзарблигини таъкидладилар.
Томонлар янги иш ўринларини яратишга, аҳолига инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишга, шунингдек, муқобил энергия манбаларини кенг жорий этишга қаратилган хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус дастурларни амалга оширишдан манфаатдорлигини тасдиқладилар.
Томонлар DFC маблағлари жалб қилинган ҳолда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида энергетика, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Ўзбекистонда стратегик инфратузилмавий лойиҳаларни аниқлаш ва амалга ошириш мақсадида мунтазам равишда биргаликда фаолият олиб боришга келишдилар.
Бундан ташқари, иккала томон ҳам аёлларнинг иқтисодиётда ҳар томонлама ва эркин иштирок этишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга инвестиция киритиш муҳимлигини таъкидладилар. Иқтисодий имкониятларга эга бўлган аёллар, ўз даромадларини оилалари ва жамоаларига қайта инвестиция қилиб, жамият фаровонлигини оширишга ҳисса қўшадилар.
DFC Ўзбекистоннинг халқаро ривожланиш стандартларига, жумладан, очиқлик, шаффофлик ва молиявий барқарорликка мувофиқ бўлган лойиҳаларга узоқ муддатли хорижий инвестициялар оқимини рағбатлантиришга йўналтирилган Blue Dot Network ташаббусининг бир қисми бўлиш истаги ва қизиқишини олқишлади.
Томонлар Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика алоқаларини кенгайтириш орқали Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни шунингдек, иқтисодий тикланиш бўйича ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда ўзаро интилишларини тасдиқладилар.
Томонлар Марказий Осиё минтақасида узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни, озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни таъминлайдиган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда кучларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон билан биргаликда минтақавий жамғармани ташкил этиш бўйича келгусида муҳокамаларни ўтказишга келишиб олдилар. Қўшма Штатлари ҳар бир давлат томонидан эълон қилинган капиталнинг хусусий сектор инвестицияларини қўллаб-қувватлаш мақсадларига мувофиқлигини ўрганади.
Ҳар иккала томон ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестиция ва молия-техникавий шерикликни рағбатлантиришга асос бўлишига ишонч билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги