Ислом ҳамкорлик ташкилотининг илмий ва тeхнологик ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари иштирокида фан ва технологиялар соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси (COMSTECH) Бош координатори Иқбол Чаудри ва COMSTECH маслаҳатчиси Хуршид Хаснайн билан видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди.
ТИВ веб-саҳифасининг хабарига кўра, суҳбат чоғида COVID-19 пандемияси шароитида Ўзбекистоннинг COMSTECH билан фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, COMSTECH раҳбариятининг 2017-2019 йилларда Ўзбекистонга бир қатор ташрифлари ташкил этилди, бунинг натижасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.
COMSTECH бош координатори Ўзбекистонда коронавирус оқибатларига қарши курашиш ва мамлакат иқтисодиётининг барча секторлари ва тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.
COVID-19 билан боғлиқ вазият кескинлашиб бораётган бир шароитда олимлар, шунингдек, COMSTECH мамлакатларининг тегишли идоралари вакиллари иштирокида коронавирус ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларига қарши биргаликда курашиш масалаларини муҳокама қилиш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш учун бир қатор илмий ва амалий вебинарлар ва видеоконференциялар ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, видеоконференция давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.