Ҳиндистон компанияси Ўзбекистонда автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш имкониятини ўрганмоқда
Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси вакиллари «UNO MINDA» компанияси бошқарувчи директори Нирмал Минда билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«UNO MINDA» 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, автомобиллар, икки ва уч ғилдиракли транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. «UNO MINDA»нинг бош офиси Харяна штатининг Манесар шаҳрида жойлашган. Компания корхоналарида 21 мингдан ортиқ киши доимий иш билан банд. Манесар, Сонепат ва Пуна шаҳарларида муҳандислик, илмий-тадқиқот ва ривожлантириш марказлари фаолият кўрсатади. Ҳиндистон, Индонезия, Вьетнам, Испания, Марокаш, Мексика, Колумбия каби мамлакатларда 62 та ўз ишлаб чиқариш объектларига эга. Компаниянинг бир йиллик савдо айланмаси 1,1 миллиард АҚШ долларидан зиёд.
Музокаралар чоғида Нирмал Минда Ҳиндистон компанияси Ўзбекистонда автомобиль дискалари ва ёритиш жиҳозларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, келажакда эса бошқа эҳтиёт қисмларни ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагини билдирди.