Наманган ва Қашқадарё вилоятларининг экспорт салоҳияти ортмоқда
Мамлакатимизда пандемия даври ва карантин чекловларига қарамай ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ жараёнлар бир сония бўлса-да, тўхтаб қолгани йўқ. Маҳаллий экспортёрлар маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришни осонлаштириш учун божхона органларида расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар қисқа фурсатларда ҳал этиляпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Давлат божхона қўмитаси манбасига асосланиб.
Жумладан, Наманган вилоятида тадбиркорларга тақдим этилаётган божхона соҳасидаги қатор қулайлик ва енгилликлар натижасида йил бошидан буён экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ҳажми 131,5 миллион АҚШ долларни ташкил қилди. Албатта, бундай натижага эришишда вилоят тадбиркорларининг машаққатли меҳнати, ғайрати, иродаси муҳим аҳамият касб этади.
2020 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан 11 минг 513 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Экспорт маҳсулотларининг асосий қисмини тўқимачилик, ип-калава, мева-сабзавот ва бошқа енгил саноат маҳсулотлари, импорт товарларини эса технологик-ускуналар, кимё саноати ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари ташкил этди.
Вилоятда экспорт қилинган маҳсулотларнинг катта улуши Россия, Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Украина, Германия, Польша, Италия, Португалия мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, маҳсулотларнинг импорти асосан Хитой, Россия, Қозоғистон, Швейцария, Жанубий Корея, Япония, Германия каби мамлакатлардан амалга оширилган.
Бошқарма томонидан 2020 йилнинг ўтган олти ойи давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 529,4 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан 377,3 миллиард сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Давлат бюджетига эса 152,2 миллиард сўм солиқ ундирилди.
Айтиш жоиз, мамлакатимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорлар орасида Қашқадарё вилояти ишбилармонлари ҳам муҳим ўрин тутади.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг меҳнаткаш деҳқонлари томонидан экилган тарвузнинг «Чиллаки F1» ноодатий нави, яъни сариқ тарвузлари пишиб етилди. Қувонарлиси, вилоятда фаолият юритаётган «Sunny Land Export» масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳосилнинг бир қисми хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
– 20 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланаман, – дейди фермер Қунназаров Акмал. – Еримизнинг 28 гектар майдонига қовун экилган бўлса, 2 гектарига сариқ тарвуз экдик ва ҳосил биз кутгандан ҳам яхши бўлди. Тарвузнинг ушбу нави сувсизликка, иссиққа чидамли, ҳосилдорлиги билан бошқа тарвуз турларидан ажралиб туради. Қувонарлиси оддий тарвузлар 90 кун давомида пишса, сариқ тарвузлар 50-65-кун оралиғида пишиб етиляпти. Келгусида ушбу тарвузларнинг 5 тоннасини Латвияга экспорт қилишни режалаштирганмиз.