Туркий кенгаш Соғлиқни сақлаш бўйича илмий гуруҳининг илк видеоконференцияси бўлиб ўтди
Туркий кенгаш Соғлиқни сақлаш бўйича илмий гуруҳининг биринчи видеоконференцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Видеоконференцияда Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва Соғлиқни сақлаш бўйича илмий гуруҳ раиси Эмин Алп Меш, Қирғизистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Бакит Жангазиев, Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари, доктор Самир Абдуллаев, Қозоғистон Республикасининг Туркиядаги элчиси Абзал Сапарбекули, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Миллий соғлиқни сақлаш маркази директори Дамир Кобжасаров, Тошкент Вирусалогия илмий-текшириш институти директори ўринбосари Иброҳим Маматқулов ва Венгрия Соғлиқни сақлаш миллий маркази раҳбари Агнес Галгоци иштирок этди.
Онлайн конференцияни Туркий кенгаш бош котиби Бағдат Амреев олиб борди. У иштирокчиларга Котибият томонидан сўнгги пайтларда ўтказилаётган тадбирлар ва COVID-19 га қарши кураш доирасидаги ишлар хусусида ахборот берди.
Шунингдек, бош котиб Соғлиқни сақлаш бўйича илмий гуруҳ доирасида микробиология, вирусология ва шунга ўхшаш соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидланди. Шу билан бирга, аъзо давлатлар ўртасида хавфли инфекцияларнинг олдини олиш, диагностикаси ва даволашда тажриба алмашиш, эпидемиологик ва илмий тадқиқотлар бўйича қўшма маълумотлар базасини яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар касалликнинг олдини олиш ва даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқишда биргаликда ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилишди. Бундан ташқари, иштирокчилар сўнгги янгиликлар ва статистика бўйича фикр алмашди, COVID-19 га қарши давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлиги таъкидланди .
Профессор Эмине Алп Меше ўз маърузасида Туркия Республикасида пандемияга қарши кураш бўйича қабул қилинган чоралар, даволаш усуллари, фойдаланилаётган тиббий дорилар хусусида батафсил гапириб берди. “Туркия шу кунга қадар Ўзбекистон ва Озарбайжонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб, яқин вақт ичида Қозоғистон ва Қирғизистонга ёрдам юклари жўнатилади”, деди у.
Томонлар COVID-19 кенг тарқалишининг олдини олиш учун янги даволаш усуллари, дорилар ва вакциналарни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, мамлакатлар вакиллари коронавирус учун дори-дармонларни ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида маълумот беришди. Иштирокчилар вакциналарни ишлаб чиқишда келгусидаги ҳамкорликка ва умумий илмий салоҳиятни ошириш учун тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдиришди.
Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг август ойи иккинчи ярмида Измир шаҳрида тиббиёт ходимлари учун ўқув-семинарни ташкил этиш таклифини билдирди. Туркия томони, шунингдек, турли йўналишларда онлайн-ўқувларни ўтказишни режалаштирмоқда.
Конференция якунида Туркий кенгаш Соғлиқни сақлаш бўйича илмий гуруҳининг йиғилишларини ҳар икки ҳафтада ўтказиб туришга келишиб олинди.