Ҳиндистон ва Бангладеш ишбилармонлари Ўзбекистон билан ўзаро савдо алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини тасдиқлади
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Элчиси Дилшод Аҳатов кеча ушбу мамлакат импартёрлар Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, Ҳиндистон ва Бангладеш компаниялари ҳамда Ўзбекистонинг «BMB Trade Group» гуруҳи вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Элчихона маълумотларига кўра, Ҳиндистон импортчиларининг Савдо-саноат палатаси (ССП) 1995 йилда дастлаб Ҳиндистон импортчилари форуми шаклида ташкил этилган. 2015 йилда Палата сифатида қайта тузилди. Палатанинг бош офиси Деҳли шаҳрида жойлашган. У 200 мингдан ортиқ фирма ва компаниялар, кичик ва ўрта бизнес вакилларини бирлаштиради. Шунингдек, Бангладеш, Ветнам, Италия, Россия, АҚШ, Эфиопия давлатларида палатанинг ўз филиаллари бор.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон маҳсулотларининг кенг доирасини Ҳиндистон ва Бангладеш бозорларига етказиб беришни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Чет эллик иштирокчиларга Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари, шу жумладан қишлоқ хўжалигининг замонавий ривожланиши, шунингдек, ташқи шериклар билан ҳам ташқи савдо соҳасида, ҳам саноат кооперацияси доирасида ҳамкорлик қилиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Ҳиндистон импортчилар савдо саноат палатаси президенти А.Саксена, Ўзбекистоннинг мева ва сабзавотлари, айниқса янги ва қуритилган мевалари ҳинд аҳолиси орасида жуда машҳурлигини, таъкидлади. Шу сабабли, биринчи навбатда, ушбу маҳсулотларни Ҳиндистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш жуда истиқболли эканини қайд этди.
У ўзи раҳбарлик қилаётган Палатани Ўзбекистон маҳсулотларини Ҳиндистон бозорига олиб киришда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Онлайн мулоқотда Бангладешнинг «Krishibid Trading limited» компанияси раҳбари С. Чодри Малайзиядаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Ушбу мамлакатда унинг компаниясига турли хил экинларни етиштириш учун алоҳида ерни ажратилган. Компания вакиллари ушбу ерда маҳсулотларни етиштиради ва уларни қайта ишлайди. Тайёр маҳсулот маҳаллий истеъмолчиларга ва ташқи бозорларга етказиб берилади. Яъни барча жараёнлар бир жойда амалга оширилади. С. Чодри ўзбекистонлик шериклар билан шу каби лойиҳаларни амалга оширишга қизиқишини қайд этди.
Ўз навбатида, «BMB Trade Group» асосчиси Б. Маматқулов Ҳиндистон ва Бангладеш компаниялари билан Ўзбекистондан мева-сабзавотларнинг кенг ассортиментини етказиб беришни, шунингдек, мева ва сабзавотларни қайта ишлашни ташкил этишда ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар давомида иштирокчилар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар.
Видеоконференция якунида мамлакатимиздан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни бошлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.