Ўзбекистон билан Туркия ўртасида даромадларни икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган протокол кучга кирди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25-октябрда Туркия Республикасига ташрифи давомида имзоланган “Даромадларни икки томонлама солиқ тортишга йўл қўймаслик тўғрисида”ги ҳукуматлараро Битим (1996 йил 8 май)га ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги протокол жорий йилнинг 9 июлидан кучга кирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳужжатга биноан, икки давлат ваколатли органлари ўртасида ахборот алмашишнинг янгиланган тартиби назарда тутилмоқда, шунингдек, Битим солиқларни ундиришда кўмаклашишга оид янги норма билан тўлдирилмоқда.
Тузатишлар “солиқ шаффофлиги”ни таъминлашга қаратилган бўлиб, бу икки мамлакатнинг жисмоний ва юридик шахслари томонидан солиқларни тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва Битим қоидаларини икки мамлакатнинг амалдаги солиқ қонунчилигига мувофиқлаштириш зарурияти билан белгиланади.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.