Ўзбекистон ва Туркия ўртасида инвестиция соҳасидаги битимнинг кучга кириши тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия Республикасига ташрифи давомида 2017 йил 25 октябрда имзоланган Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим 2020 йил 9 июлдан эътиборан кучга кирди.
Ушбу ҳужжат қоидаларига мувофиқ, икки мамлакат инвесторлари томонидан амалга оширилган инвестицияларга нисбатан энг кўп қулайлик яратиш тартиби қўлланилади.
Битим инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, сармоя ва технологияларнинг кириб келишини қулайлаштириш, пул ўтказмаларининг эркин бажарилиши ҳуқуқий асосларини белгилаган.
Ҳужжат 1992 йил 28 апрелда имзоланган аввалги ҳукуматлараро Битимни алмаштиради ҳамда замонавий воқеликни инобатга олган ҳолда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган.
Битим икки давлат иқтисодиётига ўзаро инвестициялар оқими учун мустаҳкам асос яратади, шунингдек, салоҳиятли хорижий инвесторлар учун ҳар икки мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширади.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги