Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармонлари минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштирмоқда
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона ҳудудий бошқармаси Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Беларуснинг Гомел вилояти ишбилармон доиралари билан икки мамлакат минтақалари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири, Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати маълумотига асосланиб.
Музокарада икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битим бандларидан бири бўлган Беларусда "Савдо уйи" очилиши ҳақида сўз юритилди.
"Fergana Fruits" масъулияти чекланган жамияти (Учкўприк тумани) билан «Сож» савдо уйи (Гомел вилояти) вакиллари Гомел вилоятига Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни муҳокама қилди.
Фарғона вилоятидаги мева ва сабзавотларнинг энг йирик экспортчиларидан бири бўлган «Uz-Segang» МЧЖ қўшма корхонаси вакиллари ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини тақдим этди. Қўшма корхона бугунги кунда Беларуснинг йирик чакана савдо тармоқлари билан фаол ҳамкорлик алоқаларига эга. "Европа Торг", "Санта Ритейл" ва «БелВиллесден» компаниялари шулар жумласидан.
Тадбир давомида «Гомельоблпром» давлат муассасаси вакиллари «A.Akbarali» корхонаси (Фарғона вилояти) билан ҳамкорлик ўрнатишга ва пахта ипларини импорт қилишга қизиқиш билдирди.
Таъкидлаш жоиз, “A.Akbarali” масъулияти чекланган жамияти “8 Март-Гомель” Савдо уйи каби Беларусь тўқимачилик компаниялари билан яқин ҳамкорлик тажрибасига эга.
Учрашув якунида иштирокчилар икки минтақа ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини батафсил муҳокама қилишга тайёр эканликларини тасдиқлашди.