Адлия вазири UNODCнинг минтақавий идораси раҳбари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари А.Миттал билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.
Музокаралар аввалида Русланбек Давлетов Адлия вазирлиги фаолияти ва унинг ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли ҳақида маълумот берди.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишларда, хусусан, бепул юридик ёрдам тизимини такомиллаштириш, суд-медицина фаолияти ва коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича батафсил ахборот берилди.
Ўз навбатида, А.Миттал UNODCнинг Ўзбекистонда амалга ошираётган лойиҳалари тўғрисида маълумот берди.
— Ўзбекистондаги суд ислоҳотларининг кўлами ва самарадорлигини юқори баҳолайман, – деди А.Миттал. — Бу борада Адлия вазирлигининг мамлакатда ислоҳотларни илгари суриш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни билдирамиз.
Томонлар бепул ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий экспертиза хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, мамлакатда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашнинг қонунчилик базасини такомиллаштириш, ушбу соҳаларда адлия ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини тасдиқлашди.
Учрашув якунида қайд этилган йўналишларда ҳамкорлик бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.