ЕИ билан видеоучрашувлар бўлиб ўтди
Европа Иттифоқининг «Миллий ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё мамлакатларида биологик хавфсизлик ва биологик муҳофаза бўйича ихтисослаштирилган ўқув машғулотларини ўтказиш» 53-лойиҳаси ҳамда мазкур лойиҳа доирасида иккита мобил лаборатория етказиб бериш ва Ўзбекистон Республикасининг COVID-19га қарши курашиш жараёнидаги эҳтиёжларини муҳокама қилиш бўйича ЕИ вакиллари билан иккита видео учрашув ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Марказий Осиё учун кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар бўйича илғор тажриба марказлари Минтақавий котибияти, Вирусология институти, Европа Иттифоқи, Бундесвер микробиология институти (Германия), Халқаро илмий-техник марказ (Қозоғистон), шунингдек, Марказий Осиёдаги ҳамкор мамлакатлар миллий координаторлари иштирок этди.
Музокаралар давомида Марказий Осиё учун кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар бўйича илғор тажриба марказларининг Минтақавий котибияти Бундесвер микробиология институти томонидан лойиҳа доирасида иккита мобил лабораторияни яқин муддатларда етказиб берилишига умид билдирди.
Ўз навбатида, Вирусология институти вакиллари лойиҳа раҳбарларига мобил лабораториялар билан ишлаш учун ўқув машғулотларда ҳамда COVID-19 билан боғлиқ лаборатория ишларини амалга оширишда зарур бўладиган асбоб-ускуналарга эҳтиёж тўғрисида маълумот берди.
Шундан сўнг лойиҳа раҳбарлари ЕИ Марказий Осиёдаги ҳамкор мамлакатларда коронавирусга қарши курашиш учун 700 000 евро ажратганини эътироф этди. Миллий координаторлар эса мавжуд эҳтиёжлар ҳақида сўз юритишди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси миллий координатори - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Кимёвий ва бактериологик қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенциянинг бажарилишини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Отабек Қосимов ўзининг қисқа ҳисоботида Европа Иттифоқи томонидан ажратилган молиявий ёрдам доирасида Ўзбекистон Республикасига фавқулодда ва режали равишда ҳаво ва бинолар очиқ юзаларини мунтазам дезинфекция қилиш учун импульсли ксенон лампали ультрафиолет ускуналари етказиб берилиши зарурлигини таъкидлади.
Тадбир якунида иштирокчилар лойиҳани тезкор амалга ошириш бўйича фаол ишларни давом эттиришга ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, 53-лойиҳа ҳамкор мамлакатларда миллий манфаатдор томонларни жалб қилган ҳолда биологик хавфсизлик ва биологик муҳофаза масалаларининг аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш, шунингдек, ушбу масалалар бўйича миллий ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси
матбуот хизмати
Манба: ЎзА