Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармаси Бошқарув қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 14 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси Бошқарув қўмитасининг 4-чи йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
Йиғилишга Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ҳамраислик қилдилар.
Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги доимий вакили С.Грауманн ҳамда БМТ агентликлари, донор ташкилотлар ва нодавлат сектори вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида 2019 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Траст жамғармасининг биринчи қабули доирасида лойиҳавий молиялаштириш учун тақдим этилган талабномаларни баҳолаш натижалари кўриб чиқилди. Талабномаларни биринчи қабули доирасида умумий қиймати 3,1 млн долларга тенг бўлган 2 лойиҳа, шу жумладан, Оролбўйи ҳудудларидаги бир қатор аҳоли яшаш пунктларида сув таъминоти тармоқларини қуриш ва сув тозалаш иншоотларини қайта таъмирлаш ҳамда Орол денгизи тубининг қуриган қисмида ҳимоя ўрмонзорларини экиш имкониятларини ўрганиш учун илмий экспедициялар ташкил этиш бўйича БМТТД ва ЮНЕСКО қўшма лойиҳаси тасдиқланди ва молиялаштирилди. Иккинчи лойиҳа - ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва туманларида перинатал муассасаларни замонавийлаштириш бўйича ташаббусидир. Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши Траст жамғармасининг техник котибияти томонидан олиб борилаётган доимий мониторинг эвазига таъминланмоқда.
Шу ўринда бугунги кунда Орол инқирозининг салбий оқибатларини юмшатиш чора-тадбирларига катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Қорақалпоғистон Республикасини 2019-2021 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастур соғлиқни сақлаш тизими, қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат, сайёҳлик ва кимё саноатини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик 1000 дан ортиқ лойиҳани ўз ичига олади.
Шунингек, Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йиллардаги Инвестиция дастури доирасида Қорақалпоғистонда умумий қиймати 3,4 млрд долларлик 28 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Минтақани янада ривожлантириш бўйича комплекс ишларнинг устувор йўналишлари саноатни ривожлантириш, турли соҳаларда катта ва кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий этиш, аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналари учун қулай замонавий инфратузилма яратиш, шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг яшаш даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш ҳисобланади.
Экология соҳасида амалга оширилаётган ташаббуслар, жумладан, Орол денгизининг қуриган қисмида ва минтақанинг қолган ҳудудларида ҳимоя ўрмонзорларини экиш бўйича ишлар алоҳида таъкидланди - ҳозирги пайтда ушбу лойиҳа доирасида 100 млрд сўм маблағ ажратилиб, экилган майдон 2019-2020 йилларининг фақат қиш-баҳор даврида 1,2 млн гектарга етказилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Финляндия вакилларига Жамғармага 1 млн евро миқдоридаги ҳиссаси, шунингдек, Европа Иттифоқи делегациясига Жамғармага қўшган 5 млн евро миқдоридаги ҳиссаси учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди. Яқин кунларда Корея Республикаси ҳукумати билан Жамғармага 1 млн евро миқдорида ҳисса қўшиш тўғрисида ҳам битим имзоланиши кутилаётганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, йиғилиш давомида “Ёшлик”, “Инновация” ва “Соғлиқни сақлаш” йўналишларида 12,4 млн долларлик 3 та лойиҳани молиялаштириш учун иккинчи қабул доирасида ишлаб чиқилган ва тақдим этилган талабномалар кўриб чиқилди. Бундан олдин ушбу талабномалар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, БМТ агентликлари, тадқиқот институтлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг вакилларидан иборат бўлган баҳолаш қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, Траст жамғармасининг талабларига мувофиқ деб топилди ва белгиланган тартибда тасдиқланди.
Мўйноқ туманида кўп тармоқли касалхона қурилиши бўйича лойиҳа алоҳида қайд этилди, унинг амалга оширилиши Қорақалпоғистон Республикаси шимолий ҳудудларининг энг кўп зарар кўрган аҳолисининг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Лойиҳа шериклар томонидан жиддий қўллаб-қувватланди ва яқин келажакда якуний техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилиши билан иккинчи қабул доирасида кўриб чиқилади.
Шунингдек, ЮНИСEФ ва БМТТД вакиллари Бошқарув қўмитасининг 2019 йилнинг 3 июндаги иккинчи йиғилишининг қарорига биноан тасдиқланган лойиҳаларнинг бориши тўғрисида қисқача тақдимот қилдилар.
Бошқарув қўмитасининг 2019 йил 16 декабрдаги қарори билан ташкил этилган Траст жамғармасининг платформасида Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Маслаҳат қўмитасининг биринчи йиғилишини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Маслаҳат қўмитаси Оролбўйи минтақаси ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли жиҳатлари бўйича ҳукумат, фуқаролик жамияти ва ривожланиш бўйича шериклар ўртасида конструктив мулоқот учун ягона платформа бўлишга мўлжалланди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва БМТ, шунингдек, унинг ихтисослашган агентликлари ўртасида Траст жамғармасидан Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг турли жиҳатлари бўйича ахборот алмашиш, мулоқот, мавжуд экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда билим ва инновацион ёндашувлар воситаси сифатида самарали фойдаланиш мақсадида тизимли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Маълумот учун: Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик Траст жамғармаси 2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган инновацион молиявий механизм ҳисобланади. Жамғарманинг мақсади - халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донор ҳамжамиятининг маблағларини Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган мураккаб чора-тадбирларни амага оширишга сафарбар этишдан иборат. Ташкил этилганидан буён донорлар томонидан Жамғармага 11,2 млн доллар миқдорида маблағ ажратиган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги