ЕТТБ эксперти: Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам бизга ривожланиш йўлини кўрсатмоқда ва яқин икки йилда унинг натижаларини кўрамиз
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Марказий Осиё минтақасида коронавирусдан кейинги даврда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган онлайн-брифингда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Вашингтон шаҳрида Халқаро солиқлар ва инвестициялар маркази (ITIC) ва Жорж Вашингтон университетининг Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Брифингда Халқаро солиқ ва инвестициялар маркази президенти Даниэл Витт, Халқаро муносабатлар бўйича кенгаш аъзоси Ариель Коэн, USAID маъмури ёрдамчиси ўринбосари Хавьер Пьедра ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича бош иқтисодчиси Эрик Ливни сўзга чиқди. Онлайн-анжуманда, шунингдек, расмий шахслар, илмий марказлар, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари ҳам қатнашди.
Элчи Жавлон Ваҳобов ўз чиқишида қатнашчиларни Ўзбекистонда пандемияга қарши курашиш, ҳозирги шароитда молиявий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган изчил чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Мамлакатда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш, ташқи савдони диверсификация қилиш ва инвестицияларни кенгайтириш бўйича қўйилаётган изчил қадамлар алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар, шунингдек, Ўзбекистон раҳбариятининг давлатлар томонидан парвозларнинг тўхтатилиши ва чегараларнинг ёпилиши туфайли чет элда қолган фуқароларни ватанга қайтариш бўйича кўраётган чора-тадбирлари, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан қизиқди.
Брифингда экспертлар пандемиядан келиб чиқадиган муаммоларга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари соғлиқни сақлаш тизимини ва умуман иқтисодиётни қайта тиклаш учун ноёб имкониятларга эга эканини таъкидлади.
«Вазиятга тўғри ёндашиш орқали COVID-19 таъсирида юзага келаётган муаммолар Марказий Осиёни янада рақобатбардош, фаровон ва очиқ бўлишига сабаб бўлиши мумкин», - дейди ITIC президенти Даниэл Витт.
Мутахассислар фикрига кўра, дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ортиб бораётган муаммолар минтақа мамлакатларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ҳамда янги экспорт бозорларини очишга катта туртки бўлиши мумкин.
ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бош иқтисодчиси Эрик Ливни минтақанинг аксарият мамлакатларида ташқи савдо айланмаси таркибини диверсификация қилиш даражаси паст эканини айтиб ўтди. Унинг фикрича, кичик бизнес вакиллари салоҳиятини маҳсулотларга қўшимча қиймат берадиган йирик компанияларнинг имкониятлари билан бирлаштириш стратегиясидан фойдаланган ҳолда самарали диверсификация қилиш мумкин.
«Мен Ўзбекистонни алоҳида қайд этмоқчиман. Дарҳақиқат, бу Марказий Осиёда муаммоларни ҳал қилиш учун зарур ва ташкилий воситалар билан ёндашаётган ягона мамлакатдир. Чунки бу давлат ресурсларни тўғри сарфлаяпти», - деди Эрик Ливни. Эксперт мисол сифатида мамлакатдаги тўқимачилик саноатида кластер услубида ишлаб чиқаришни ривожлантириш амалиётини келтирди. Оддий ва самарали тизим ёрдамида фермерлар жаҳон бозорига чиқиш имконига эга бўлмоқда.
«Ўзбекистон бизга ҳақиқатан ҳам ривожланиш йўлини кўрсатмоқда ва бунинг натижаларига яқин икки йилда гувоҳ бўламиз. Бугунги оғир шароитда ҳам Ўзбекистоннинг ўсишда давом этишини башорат қилишимизнинг сабаби шундаки, бу ерда барча ишлар тўғри ташкил этилган. Мамлакат аллақачон янада диверсификация қилинган ва шу йўналишда давом этмоқда», - деб таъкидлади ЕТТБ таҳлилчиси.
Америка Қўшма Штатлари халқаро алоқалар бўйича кенгаш аъзоси Ариель Коэн ҳам ўз нутқида Ўзбекистоннинг пандемия билан самарали курашишга қаратилган, 10 июлдан бошлаб қайтадан амалга киритилган чекловларни қайта тиклаш тўғрисидаги қарорини “энг тўғри йўл”, деб атади. Унинг фикрига кўра, инфекциянинг тарқалиш даражаси фақат қатъий карантин чоралари ва аҳоли ўртасида ушбу меъёрларнинг аҳамияти тўғрисида кенг қамровли ахборот кампанияси билан бошқарилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 8 июль куни бўлиб ўтган видеоконференцияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев коронавирус билан курашиш бўйича Республика махсус комиссиясига ҳокимлар ва сектор раҳбарлари билан биргаликда инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш вазифасини топширди ва вилоят раҳбарларини аҳолига мурожаат қилишга чақирди.
Солиқлар ва инвестициялар халқаро маркази 1993 йилда ташкил этилган. Марказ нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. У мустақил ўтиш давридаги мамлакатларда солиқ ислоҳотлари ва давлат-хусусий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга кўмак кўрсатади. Айни пайтда марказ жаҳоннинг 85 та давлатида молия, божхона хизматлари ва солиқ органлари, шунингдек, солиқ сиёсати билан шуғулланувчи халқаро ва минтақавий молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.