Ўзбекистон билан Беларусь ўртасида таълим ва ўқишга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш битими кучга кирди
Жорий йилнинг 13 июлидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларус Республикаси Ҳукумати ўртасида таълимга оид ҳужжатларни, ўқишга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги Битим кучга кирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги хабарга кўра, мазкур халқаро шартнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига ташрифи давомида, 2019 йилнинг 1 августида имзоланган.
Битимга мувофиқ томонлардан бирининг давлат таълим муассасалари ёки илмий ташкилотлари тарафидан берилган давлат намунасидаги таълим тўғрисида ҳужжатлар бошқа томон ҳудудида тан олинади ва кейинги даражалардаги тегишли дастурлар бўйича ўқишни давом эттиришга имкон беради.
Ушбу халқаро шартнома икки мамлакат таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириш истагидаги Ўзбекистон ва Беларус фуқаролари учун илм олиш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади.
Бунда битим у кучга киргунга қадар берилган таълим ҳужжатларига татбиқ этилмайди (Ўзбекистон ССР ёки Беларусь ССРда берилган ҳужжатлардан ташқари), шунингдек, икки мамлакатда касбий фаолиятни амалга ошириш мақсадида тан олиш жараёнини бекор қилмайди.
Юқорида кўрсатилган битимни амалга ошириш бўйича ваколатли органлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги ҳисобланади.
Ушбу битимнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.