«LETA» АА сайтида Афғонистон муаммоси бўйича Марказий Осиё, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон етакчи мутахассислари иштирокида ўтган халқаро видеоконференция ҳақида мақола чоп этилди
Яқинда бўлиб ўтган «Афғонистон келажаги: Марказий Осиё ва Эрон манзараси» халқаро видеоконференцияси минтақамиздан ташқарида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлмоқда, деб хабар беради «Дунё» мухбири.
Жумладан, ушбу конференция тафсилотлари бўйича Латвиянинг «LETA» миллий ахборот агентлиги веб-сайтида инглиз ва рус тилларида мақола эълон қилди. Материалда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар батафсил таҳлил қилинган.
Ҳиндистоннинг етакчи таҳлил маркази — «Observer Research Foundation» томонидан ташкил этилган онлайн форумда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон ва Ўзбекистоннинг таҳлилий ва тадқиқот марказлари раҳбарлар, экспертлар иштирок этди, деб ёзади «LETA».
“Онлайн муҳокамаларда Афғонистондаги ҳозирги вазият, давлат қуриш ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиш истиқболлари, Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақалараро ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича конструктив фикр алмашилди.
Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов Ўзбекистон анъанавий равишда афғон халқи сайлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаб, Афғонистонга нисбатан дўстона сиёсат юритаётганини таъкидлади. Ушбу сиёсат Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда Президент этиб сайланиши билан яхлит, ҳар томонлама ва динамик характер касб этди.
Афғонистонда тинч музокаралар бошланиши учун таҳлилчилар халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини яна бир бор таъкидлади. Шу билан бирга, экспертлар Афғонистон сиёсий тизимининг конфигурациясини, келажагини ва шаклини афғон халқи ўзи ҳал қилиши керак деган фикрга қўшилди. Асосийси, у қамраб олинган сиёсий жараённи таъминлаши, мамлакатда миллий уйғунликка эришиш кафолати бўлиши керак.
Афғонистон можаросини ҳал қилишда Марказий Осиё мамлакатлари саъй-ҳаракатларининг муҳимлигини эътироф этган ҳолда, экспертлар ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентларининг маслаҳат учрашувида Афғонистоннинг минтақавий савдо-иқтисодий алоқалари мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришишнинг муҳим шарти экани ҳақида қўшма баёнот қабул қилинганини юқори баҳоладилар.
Шу муносабат билан Афғонистоннинг демократик ривожланиш йўлига содиқлиги нафақат мамлакатда барқарор тинчлик ва узоқ муддатли барқарорликка эришиш, балки Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақасига муваффақиятли қўшилишига ва минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг салоҳиятини тўлиқ англашига ёрдам беради”, дейилади Латвия янгиликлар агентлиги материалида.
«LETA» Миллий ахборот агентлиги «Latopress» номи остида 1919 йилда ташкил этилган. Агентлик 1991 йилдан бошлаб мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади. Агентлик Латвия ва дунёдаги энг муҳим воқеаларни ёритувчи, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ахборотларнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади.