«Марказий Осиёдаги келишмовчиликнинг асосий сабаби муросанинг йўқлиги эди»
Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳом Неъматов «Газета.uz» га берган интервьюсида Марказий Осиёда мулоқот майдонини яратиш бўйича муваффақиятсиз уринишларнинг сабаблари, сувдан фойдаланиш муаммоларини ечиш, Сўх воқеаларининг Қирғизистон билан муносабатларга таъсири ва пандемия даврида минтақа давлатларининг бир-бирини қўллаб-қувватлагани ҳақида.
— Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан муносабатларида қандай муаммолар мавжуд эди?
— 2016 йилга қадар шаклланган Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан мунособатлари барча масалаларни қатъий қайта кўриб чиқишни талаб қилар эди. Шу ўринда «Нима учун?» деган савол туғилади.
Чунки, кўп йиллик низолар, баъзида тўғри ёндашилганда оқилона ечимлар топса бўладиган масалалар бўйича «қарама-қаршиликлар» нафақат келишмовчиликларга, балки кўпинча чегараларда ноҳуш ҳодисаларга ҳам сабаб бўлган.
Келишмовчиликнинг асосий сабаби сувдан ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш ва чегара пунктларини кесиб ўтиш масалаларида муросанинг йўқлиги бўлган. Aсосий қарама-қаршилик, яна бир бор такрорлайман, муросанинг йўқлиги эди.
Эътибор берган бўлсангиз, президентимиз бундан икки йил муқаддам Тошкент вилояти фаоллари олдида қилган чиқишларида шундай деган эдилар: «Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сўнгги 25 йил ичида тўпланган улкан муз бор. Бу муз эриши учун қўшни давлатлар билан ҳамкорликда кўпгина ишларни амалга оширишимизга тўғри келади».
— Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан сиёсатида қандай ўзгаришлар юз берди?
— Ўтган уч йил ичида, Ўзбекистон президентининг ташаббуси билан минтақанинг барча мамлакатлари билан юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Мазкур ташрифлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро манфаатли бўлган глобал масалалар бўйича қарор қабул қилинди: хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва экология соҳаларида.
Натижада тарихан қисқа вақт ичида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга бурилишига сабаб бўлган улкан ўзгаришлар рўй берди. Яъни, бугун сизга ишонч билан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан яхши муносабатларга эга эканлигимизни таъкидлай оламан. 2016 йилга қадар бўлган муаммолар бугун бутунлай бартараф қилинди. Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида 25 йил ичида шаклланган музлар шу уч йил ичида бутунлай эриди дейишимиз мумкин.
Минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамланди. Президентлар ўртасидаги шахсий ишонч мустаҳкамланди. Бугун айтиш мумкинки, минтақанинг барча мамлакатлари билан савдо айланмасида мисли кўрилмаган ўсиш кузатилмоқда. 2019 йил натижаларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 5,2 млрд долларга етди.
Менинг кузатишларим шуни кўрсатадики, агар 2016 йилгача Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан йиллик товар айланмаси ўртача 100−150 млн долларни ташкил этган бўлса, ўтган йил натижаларига кўра барча мамлакатлар билан товар айланмаси ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсган. Товар айланмаси Қирғизистон билан 8 баравар, Тожикистон ва Туркманистон билан 5 баравар, Қозоғистон билан эса 1 миллиард долларга ўсди.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилди.
2017 йил 5 сентябрида Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида чегара шартномасини имзоладик. Шунингдек, 2018 йил 10 март куни Тожикистон билан чегара шартномаси имзоланди. Натижада чегара пунктларидаги барча чекловлар олиб ташланди.
Aгар 5 йил олдин ўзбек-қирғиз давлат чегарасини кунига 200−300 киши кесиб ўтган бўлса, бугунги кунда бу кўрсатгич кунига 30 мингдан ошади. Тожикистон билан шартнома имзолангандан кейин барча 17 та чегара пункти тўлиқ ишлай бошлади. Илгари улар ёпиқ эди. Бугун Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини кунига 20 минг фуқаро кесиб ўтмоқда. Мана Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларда қандай ўзгаришлар юз берган.
Aгар 5 йил олдин Ўзбекистон Марказий Осиёнинг интеграция жараёнларида «сусайтирувчи омил» деб айтилган бўлса, бугун бу ёрлиқ Ўзбекистондан бутунлай олиб ташланди. Чунки бугун президентимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон минтақадаги интеграция жараёнларини фаол равишда илгари сурмоқда. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ўзаро фойда ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олинган ҳолда ривожланмоқда. Мунособатларимизнинг ушбу учта устуни барча муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди.
— Марказий Осиё мамлакатлари учун мулоқот майдонини яратишга бўлган уринишлар аввал ҳам қилинган эди, аммо улар муваффақиятсизликка учраган. Сизнингча, бунга сабаб нима эди?
— Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиёда турли ташкилотлар ташкил этилди, аммо уларнинг истиқболлари йўқ эди.
1993 йилда илк шундай ташкилот — Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон иштирокидаги Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти (МОИҲ) ташкил қилинган эди. Тожикистон ушбу ташкилотга 1998 йилда фуқаролик уруши тугаганидан ва мамлакатда тинчлик ўрнатилгандан сўнг аъзо бўлган. Ушбу ташкилот 2002 йилгача фаолият кўрсатди.
Марказий Осиё минтақасида сиёсий, иқтисодий, экологик, транспорт ва хавфсизлик масалалари каби кўпгина муаммолар мавжуд. МОИҲ номининг ўзи эса фақат иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш билан чекланади.
Шу сабабли 2002 йилда, Ўзбекистон ташаббуси билан муҳокама қилинадиган масалалар доирасини кенгайтириш мақсадида МОИҲ Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилоти (МОҲТ) га айлантирилди. У 2005 йилгача фаолият юритди. 2005 йил 6 октябрда эса ушбу ташкилотни ЕвроОсиё Иқтисодий Ҳамжамияти (2014 йил ЕвроОсиё Иқтисодий ҳамжамияти ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи тузилганилиги учун тугатилди — таҳр.) билан бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарор Санкт-Петербургда давлат раҳбарларининг келишувлари асосида қабул қилинган.
Нега бу минтақавий ташкилотларнинг истиқболи йўқ эди? Aсосий сабаб — уларда минтақадаги барча мамлакатларнинг иштирок этмаслиги. Нейтрал мақоми туфайли Туркманистон ушбу ташкилотларда иштирок этмади. Aгар Марказий Осиёга бир организм сифатида қаралса, барча органлар ўз функциясини тўлиқ бажарсагина, у ишлайди.
Дипломатик томондан таҳлил қилинса, Марказий Осиё бешта давлатдан иборат: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон. Aгар Ўзбекистон бирор бир минтақавий ташкилот таркибида бўлмаса ҳеч қандай масала, хоҳ у сиёсий, хоҳ у иқтисодий ёки гуманитар характерга эга бўлсин, ҳар самарали ҳал қилинмайди. Бир мамлакатнинг минтақавий ташкилотга қўшилмаслиги унинг тўлиқ ишлаши учун имкон бермайди.
— Минтақавий мувофиқлаштириш бўйича ҳозирги ташаббус олдингиларидан муваффақиятлироқ бўлишига умид қилиш мумкинми ва нега?
— Президентимизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятларни излаш учун муҳим майдон бўлди. Ишончим комилки, ушбу маслаҳат учрашуви катта истиқболга эга, чунки ушбу учрашувда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари иштирок этади.
2018 йил 15 мартда Остона шаҳрида бўлиб ўтган биринчи учрашувнинг асосий натижаси минтақанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятларни излаш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўлди.
Иккинчи Маслаҳат учрашуви президентимиз ташаббуси билан ўтган йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтди. Тошкент учрашувидан сўнг Марказий Осиё мамлакатларининг яқинлашуви қайтариб бўлмас жараёнга айланди.
29 ноябрь куни бўлиб ўтган охирги учрашув натижаларига кўра, барча давлат раҳбарлари билан қўшма баёнот имзоланди. Ушбу ҳужжатда Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари ўртасида хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, туризмни ривожлантириш, ёшлар сиёсати бўйича барча келишувлар мавжуд бўлиб, табиийки Aфғонистон масаласи ҳам кўтарилган. Чунки Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун Aфғонистон муаммосини ҳал қилиш жуда муҳимдир. Бугунги кунда Марказий Осиё учун асосий таҳдид Aфғонистондан келади.
Тошкентда биз шунингдек Маслаҳат учрашуви регламентларини имзоладик. Унга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари давлатлари раҳбарларининг учрашуви йилига бир марта ўтказилади. Учрашувнинг аниқ санаси, кун тартиби ва масалалари дипломатик каналлар орқали келишилади.
Масалан, иккинчи учрашувни ўтган йилнинг апрель ойида режалаштирган эдик, аммо вазият уни кейинга суришни талаб қилди, учрашув 29 ноябрь куни бўлиб ўтди. Қирғизистонда учинчи маслаҳат учрашуви шу йил август ойида ўтказилиши режалаштирилган эди. Aгар пандемия ҳолати яхшиланса, учрашув кузда ташкил қилиниши мумкин.
Биз ҳозирда учинчи учрашувни Қирғизистонда ўтказиш устида иш олиб бораяпмиз. Ушбу учрашув доирасида имзоланадиган ҳужжатлар онлайн режимида ишлаб чиқилмоқда. Экспертларнинг биринчи учрашувини биз 20 февралда Бишкекда ўтказдик, унда ҳали юзма-юз учрашган эдик. Иккинчи учрашувни 22 июнь куни онлайн тарзда ўтказдик.
— Марказий Осиё сув таъминоти таҳлиллари қувонарли эмас: музликлар эримоқда, дарёлар саёз бўлиб бормоқда, аҳоли тез ўсмоқда. Марказий Осиё ва Aфғонистонда сув ресурсларидан фойдаланишни оқилона режалаштириш, бошқариш ва сифат назорати учун қайси ташкилот самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин? Ёз ойларида қуйи оқим мамлакатларида етарлича сув бўлиши учун нима қилиш керак?
— Марказий Осиёда Aмударё ва Сирдарё дарёлари сув манбаи ҳисобланади. Биз бу икки дарёнинг ўртасида жойлашганмиз.
Совет даврида ҳеч қандай муаммо йўқ эди, барчаси марказлашган тарзда режалаштирилар эди. Қуйи оқим мамлакатлари юқори оқим мамлакатлари бўлмиш Қирғизистон ва Тожикистонга газ ва бошқа энергия манбаларини етказиб берар эдик. Зарур бўлганда, ортиқчасини сотиб олар эдик. Совет Иттифоқи қулаши билан, табиийки, бозор иқтисодиёти тамойиллари кучга кирди ва маълум муаммолар пайдо бўлди.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги сувнинг катта қисмидан фойдаланади, чунки бизнинг аҳолимиз ва иқтисодиётимиз жуда катта. Минтақада сувга талаб доимий равишда ўсиб бормоқда: аҳоли кўпаймоқда, иқтисодиёт кенгаймоқда, саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда. Бошқа томондан, сув манбалари камайиб бормоқда.
Бугун Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив сиёсати туфайли биз ушбу масалани ҳал қилдик. Қўшни мамлакатларда баъзи объектларнинг қурилиши, масалан Тожикистонда Роғун ГЕСи ёки Қирғизистонда Қамбарота-1, Қамбарота-2 ГЭСларининг қурилишига узоқ вақт давомида қаршилик кўрсатган бўлсак, бугунги кунда бизда бундай муаммолар йўқ, Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли ушбу саволлар олиб ташланди. Биз ҳатто Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этишга тайёр эканлигимизни билдирдик. Марказий Осиёда қуриладиган барча объектлар қўшни давлатларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда қурилиши зарурлигини келишиб олдик.
Табиийки, сув тақчил бўлган ва сув кўп бўлган йиллар бўлади. Мутахассисларимизнинг менга берган маълумотларига кўра, Роғун ГЭСининг қурилиши 70-йилларда Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан қурғоқчилик йилларида Роғун сувининг захираларидан пахта далаларини сув билан таъминлашда фойдаланиш учун режалаштирилган бўлган. Совет Иттифоқи қулаган пайтда лойиҳа аллақачон эскирган эди, шунинг учун баъзи муаммолар мавжуд эди. Энди бу муаммо йўқ. Тожикистон раҳбарияти қуйи оқим мамлакатлари учун ҳеч қандай муаммо туғдирмаганликларини ва келажакда яратмасликларига ишонтирмоқда.
Қирғизистон билан ҳам сувдан фойдаланиш бўйича келишувларимиз бор. Масалан, Токтогул ГЭСи — Қирғизистондаги энг йирик гидроэлектростанция. У 19 млрд кубометр сувни тўплайди. Биз барча масалаларни ўзаро манфаат ва ўзаро ҳурмат асосида ҳал қиламиз.
Бундан ташқари, сувни тежаш ҳақида ўйлашимиз керак. Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон президенти тегишли тузилмалар билан учрашув ўтказди. Ўшанда у сувни тежаш борасидаги тажрибани ўрганиш учун ривожланган давлатлар билан яхши алоқаларни ўрнатиш вазифасини қўйди. Яъни, сувни тежайдиган технологияларни жалб қилишимиз керак, шу жумладан томчилатиб суғоришни ҳам. Бу қишлоқ хўжалигини, саноатни ва албатта аҳолини сув билан таъминлашда жуда муҳимдир.
— Сўхдаги ҳодиса ўзбек-қирғиз муносабатларига қандай таъсир қилди? Вазият чегараларни делимитация ва демаркация қилиш жараёнининг тезлашишига таъсир қиладими?
— Бу ҳодиса бугунги кунда ривожланаётган муносабатларимизга таъсир қилмайди. Президент 5 июнь куни Фарғона вилояти фаоллари олдида қилган чиқишида: «Сўнгги йилларда қўшни давлатлар чегарасида кўплаб муаммоларни ҳал қилишга эришдик. Сўхдаги воқеалар бизнинг қирғиз халқи билан дўстлигимизга, ўзаро сафарларимизга ва умумий режаларимизга таъсир қилмаслиги керак. Биз хотиржам, сабрли ва раҳмдил бўлишимиз керак. Қўшничилик — мингйилчилик. Халқларимиз ёнма-ён яшаб, бир-бирларини ҳурмат қилишлари керак» — деган эди.
Роппа-роса олти кундан сўнг, 11 июнь куни Қирғизистон президенти Соронбай Шерипович Жээнбеков Ўш вилоятига ташриф буюриб, Араван тумани аҳолиси билан учрашганида қуйидаги сўзларни айтди: «Ш.Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланди. Яхши мақол бор: яқин қўшни узоқ қариндошдан яхшироқ. Қирғиз ва ўзбек халқлари асрлар давомида ёнма-ён яшаб келишган. Ота-боболаримиз бирдамликни сақлаб, бир-бирига яқин бўлишган. Бизнинг мамлакатларимиз нафақат жуғрофий жиҳатдан бир-бирига яқин, бизда битта тарих, битта дин, битта тил ва ўхшаш урф-одатлар мавжуд. Биз яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни сақлашга интиламиз, барча муаммоларни ҳал қиламиз, бунинг учун сабр ва вақт керак. Фарзандларимизнинг келажаги учун қўшни давлатлар билан дўстликни мустаҳкамлаш сиёсатини давом эттирамиз».
Президентларнинг баёнотлари ўхшаш ва бу яқинда содир бўлган Сўх воқеалари икки томонлама муносабатларга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаслигидан дарак беради.
Мен Сўхда кўп маротаба бўлганман. Унинг табиати гўзал, иқлими ёқимли, юмшоқ, ерлари унумдор, одамлари меҳнаткаш ва сабрли. Сўх газ ва электр энергияси билан таъминланган. Ўтган йили «Обод маҳалла» дастури доирасида мактаб, болалар боғчаси, замонавий турар-жой бинолари қурилди, йўллар таъмирланиб, туман марказида «ягона дарча» филиали қурилди (давлат хизматлари маркази — таҳр.).
Aйни пайтда Президент топшириғи билан Сўх вилоятини келгуси йилларда ҳар томонлама ривожлантириш учун 500 млрд сўм маблағ ажратилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Иқтисодиётнинг барча соҳаларида 98 та янги лойиҳа амалга оширилади.
— Минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар пандемия даврида қандай ривожланмоқда?
— Очиқчасини айтсам, ўзаро ёрдам ва коронавирус тарқалиши оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган қўшма чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ ва конструктив сиёсати тўғри эканлигини исботлади.
Пандемия хавфига қарамай, бугунги кунда минтақа мамлакатлари ўртасида фаол ҳамкорлик мавжуд. Давлат раҳбарлари доимий равишда телефон орқали мулоқот қилишади. Ҳисоблаб чиқишимча, сўнгги 4 ой ичида Ўзбекистон президенти минтақа давлат раҳбарлари билан 16 марта суҳбатлашди.
Шундай мақол бор: «Дўст бошингга кулфат тушганда билинади». Коронавирус инфекцияси тарқалишининг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатлар бир-бирига ижтимоий ёрдам кўрсатишни бошладилар. Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ёрдам юборди. Бунга жавобан Қирғизистон ва Тожикистон сингари қўшниларимиз Сардоба сув омборини тиклаш учун инсонпарварлик ёрдамини кўрсатдилар.
Яратилган дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик муҳити пандемия шароитида Марказий Осиё мамлакатлари ва умуман улар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга ёрдам беради.
— Марказий Осиёда Ўзбекистон олдида қандай янги вазифалар туриши мумкин? Пандемиядан кейин бирон бир ўзгаришлар бўлиши мумкинми?
— Янги вазифалар ҳақида гапирар эканман, шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон президенти 24 январь куни парламентга йўллаган мурожаатида мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг биринчи устувор йўналишларидан бири қилиб, Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан конструктив сиёсатни ишлаб чиқиш ва давом эттириш белгиланди.
Табиийки, биз бугунгача бўлган муносабатларни ривожлантиришни, минтақанинг барча мамлакатлари билан сиёсий мулоқотни кучайтиришни ва иқтисодий ҳамкорликка катта аҳамият беришни давом этамиз. Қозоғистон билан савдо ҳажмини 5 миллиард долларга, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бу бизнинг асосий вазифамиздир.
Иқтисодий дипломатия масаласида президент Ташқи ишлар вазирлиги олдига катта вазифаларни қўяди. Биринчидан, инвестицияларни жалб қилиш. Иккинчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортининг ўсиши. Ва ниҳоят, Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар сонини кўпайтириш.
Aгар иқтисодиёт ривожланса, унда ҳамма нарса ривожланади. Дунёда бирор бир мамлакат инвестицияларни жалб қилмасдан туриб ривожланган эмас. Масалан, Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Германия бутунлай вайрон қилинган эди. Инвестициялар туфайли бугунги кунда у Европадаги энг ривожланган давлат ҳисобланади.
Ёки туризм. Масалан, Чикагода баланд ва осмонўпар бинолар бор. Сайёҳлар учун кўнгил очиш жойлари бор, инфратузилма яратилган. У ерда бўлганимда, менга ҳар йили 30 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюришини айтишган эди. Бу ички туризм билан бирга ҳисоблаганда.
Ўзбекистонда сайёҳлар сони албатта ўсиб бормоқда. 2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга 7 млндан ортиқ сайёҳ келди. Aфсуски, пандемия ушбу трендга ўз ўзгартиришларини киритди.
— 2020 йил февраль ойидан МарказийОсиё мамлакатларида Silk Road визаси тартибини жорий этиш режалаштирилган эди. Ўзбекистоннинг туризмни қайта тиклаш режаларини ҳисобга олган ҳолда, бу жараён қайси босқичда? Пандемия унга қандай таъсир қилди?
— Ушбу ташаббус сайёҳларнинг МарказийОсиё мамлакатларига келишини енгиллаштириш учун таклиф қилинди. Бу худди Шенген визаси каби. Aгар чет эл фуқароси Ўзбекистон визасига эга бўлса, у ҳолда у Қозоғистонга ташриф буюриш ҳуқуқига эга бўлади. Aгар чет эл фуқароси Қозоғистон визасига эга бўлса, у Ўзбекистонга ҳеч қандай муаммосиз ташриф буюриши мумкин бўлади.
Aфсуски, пандемия бу режаларга ҳам халақит берди. Лекин бу ҳужжат чиқиш арафасида деб айта оламан. Агар биз Қозоғистон билан мавжуд баъзи саволларни ечиб, бу виза режимини мувофиқлаштирсак, ҳужжат яқин орада чиқиши керак. Ҳужжат юзасидан якуний келишувга келганимизда, у бошқа давлатларда ҳам ишлашини таъминлаш учун ҳаракат қиламиз.
— Марказий Осиёда халқ дипломатиясининг истиқболлари қандай ва у ҳукуматларга муносабатларни яхшилашга қандай ёрдам бериши мумкин?
— Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашда халқ дипломатиясининг ўрни жуда муҳимдир. Бу ерда энг муҳими, бизнинг маданиятимиз, у бир-бирини тўлдиради. Урф-одатларимиз ва удумларимиз бир, динимиз бир, тил тўсиғи йўқ. Тожикистон билан икки тилда гаплашсак ҳам, лекин маданиятимиз, тарихимиз, урф-одатларимиз жуда яқин.
2018 йил Қозоғистонда «Ўзбекистон йили» деб эълон қилинди. Унинг доирасида 80 дан ортиқ маданий, спорт тадбирлари, кино кунлари, турли фестиваллар ўтказдик. 2019 йил эса Ўзбекистонда «Қозоғистон йили» бўлди. Худди шундай кўплаб маданий тадбирлар ташкиллаштирилди. Мана шу халқ дипломатияси. Сўнгги уч йил ичида биз Тожикистон билан кўплаб маданий тадбирлар ўтказдик. Қирғизистон билан ҳам худди шундай.
Aйниқса, чегаралар очилгандан кейин чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли учун қулай шароит яратилди. Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасини кунига 20 мингдан ошиқ, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасини 30 мингдан ошиқ одам кесиб ўтиши ҳам халқ дипломатияси.
"Дунё" АА фотомухбири Анвар Илёсов олган суратлари